49 нафар украиналик Россия асирлигидан қайтди
Олам
−
13 Сентябрь
3952Аввалроқ Россия томонидан асирга олинган 49 ҳарбий хизматчи ва тинч аҳоли Украинага қайтди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
“Булар Украина Қуролли кучлари, Миллий гвардия, Миллий полиция, Давлат чегара хизмати аскарлари, шунингдек, тинч фуқароларимиз. Хусусан, касал отасини боқиш учун келганида руслар томонидан гаровга олинган қиз – Леня Умарова”, деди Зеленский.
Унинг қўшимча қилишича, озод этилганлар орасида Азовстал ҳимоячилари, хусусан, аввалроқ Украина Қаҳрамони унвони билан тақдирланган ҳарбий шифокор Виктор Ивчук ҳам бор.
Қайд этилишича, 2023 йил декабрь ойида 25 ёшли Леня Умарова касал отасини кўриш учун Киевдан Қримга кетаётган бўлган. У Грузия билан чегарадаги “Верхний Ларс” назорат-ўтказиш пунктида ушланиб, маъмурий қамоққа олинган. Шу йилнинг май ойида эса жосусликда айбланиб, ҳибсга олинган. Зеленскийнинг хабарида Умарова қандай шароитда қўйиб юборилганига аниқлик киритилмаган. Россия суди томонидан унга ҳукм чиқарилгани ҳақида ҳам маълумот мавжуд эмас.
Россия маҳаллий нашрлари алмашинув ҳақида хабар бермаган. Шунингдек, россиялик маҳбуслар ватанга қайтган-қайтмагани ҳам номаълум. Бироқ, уруш тарафдори бўлган россиялик блогер Борис Рожиннинг ёзишича, асирлар алмашинуви "49 га 49" форматида бўлиб ўтган ва руслар орасида Курск вилоятида асирга олинган ҳарбий хизматчилар ҳам мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Араб Амирликлари воситачилигида олиб борилган музокаралардан сўнг Россия ва Украина 115 маҳбусни алмашинувини амалга оширган эди.