44 та туманда “электросет” раҳбари ишдан ҳайдалди
Жамият
−
30 Апрель 3925 3 дақиқа
Электрдаги йўқотишлар сабаб 44 та туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари ишдан олинди. Шунингдек, “Ҳудудгаз Хоразм” газ таъминоти филиали раҳбари ҳам жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун лавозимидан бўшатилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Жорий йилнинг 24 апрель куни Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари энергия самарадорлиги масалаларига алоҳида тўхталиб, электр энергияси йўқотишлари 20 фоиздан юқори бўлган 44 та туман электр тармоқлари корхоналаридаги ҳолатни танқид қилган эди.
Шу муносабат билан хулоса чиқармаган раҳбарларни зудлик билан ишдан олиш, уларнинг ўрнига ёш кадрларни тайинлаш ҳамда йўқотишларни камида икки баробар қисқартириш бўйича аниқ KPI белгилаш зарурлиги таъкидланганди.
Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖда Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигида танқидий йиғилиш ўтказилган.
Йиғилишда тармоқ раҳбарлари, ҳудудий электр ва газ корхоналари мутасаддилари иштирок этиб, энергия самарадорлиги ва энергия ресурслари йўқотишларини камайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар танқидий таҳлил қилинган. Шунингдек, кечиктириб бўлмайдиган устувор вазифалар белгилаб олинган.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида ҳудудларда ишчи гуруҳлар ташкил этилган. Улар томонидан жами 106 140 та трансформатор пунктининг техник ҳолати ўрганилиб, 25 668 таси таъмирталаб экани аниқланган ва айни пайтда уларни таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, юқори юкламага эга тармоқларда симларни алмаштириш, зарур ҳудудларда тармоқларни тезкор модернизация ва реконструкция қилиш, шунингдек, ноқонуний ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кучайтириш бўйича топшириқлар берилган.
Йиғилишда, шунингдек, электр энергияси йўқотишларини камайтиришда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш лойиҳасини жадаллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
Газ таъминоти масалалари бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам танқидий кўриб чиқилиб, бу борада жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун “Ҳудудгаз Хоразм” газ таъминоти филиали раҳбарини ишдан олиш бўйича топшириқ берилган.
Шунингдек, ёз ва куз-қиш мавсумларига пухта тайёргарлик кўриш, мавжуд муаммоларни олдиндан бартараф этиш, газ қуйиш шохобчаларини “UGaz” тизимига улаш ишларини қисқа вақтда якунлаш, газ таъминоти тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш ҳамда аҳолига узлуксиз ва сифатли хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш юзасидан аниқ топшириқ ва устувор вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилиш якунида электр энергияси йўқотишлари 20 фоиздан юқори бўлган ҳудудлар кесимида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг Андижон филиалидаги 14 та, Жиззах филиалидаги 7 та, Самарқанд филиалидаги 10 та, Қашқадарё филиалидаги 4 та, шунингдек Сирдарё, Тошкент ва Фарғона филиалларидаги 2 тадан туман (шаҳар) электр корхоналари раҳбарлари лавозимидан озод этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда энергияни тежаш мақсадида газ ва “свет” истеъмолига чеклов киритиш тақиқлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиЭнди “подезд”лар ҳар ҳафта тозаланади
30 Апрель