4 та вилоятда мансабдорлар пора билан қўлга тушди (видео)
3-саҳифа
−
03 Август
15696Тошкент, Хоразм, Самарқанд ҳамда Қашқадарё вилоятларида бир нечта мансабдорлар пора билан қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Тошкент вилоятида “Ўрта Чирчиқ тумангаз” газ таъминоти бош муҳандиси нон маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши режалаштирилган бинони газ тармоғига улаб бериш, техник ҳужжатларни расмийлаштириш, ҳисоблагич ўрнатиш, газ қувурларини тортиш ва бошқа ишларни қилиб бериш эвазига 8500 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Хоразм вилоятидаги ҳолатда эса, “Хазорасп эркин иқтисодий зона дирекцияси” ДУК мутахассиси Қўшкўпир туманида истиқомат қилувчи фуқаронинг ишончига кириб, уни ўзининг мансабдор танишлари орқали вилоят ИИБга ишга киритиб қўйишини айтиб, эвазига 6 минг АҚШ доллари талаб қилган ҳамда 3500 АҚШ долларни олган пайтда қўлга олинди. Вилоятдаги иккинчи порахўрлик ҳолати эса Боғот туманида аниқланган. Савдо-саноат палатасининг тумандаги мансабдор шахси юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Урганч шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаронинг ерга бўлган эгалик ҳуқуқини қайта тиклаб бериш эвазига 3 минг АҚШ доллари талаб қилиб, шундан 400 АҚШ доллари ҳамда 1 миллион 200 минг сўм олган вақтида қўлга тушган.
Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини бажарувчиси 2 нафар фуқарони мазкур бирлашмага ишга қабул қилиш эвазига 1500 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Бундан ташқари, Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳрида автотранспорт воситалари эҳтиёт қисмлари савдоси билан шуғулланувчи МЧЖнинг божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиси маҳаллий тадбиркор томонидан Туркиядан олиб келинган қиймати 850 млн. сўмлик товар учун тўланиши лозим бўлган давлат божларини божхона идораларидаги танишлари орқали тез ва арзон нархларда божхона юк декларациясини расмийлаштириб берганлиги эвазига 1300 АҚШ доллари талаб қилган. У сўралган пулнинг 1100 АҚШ долларини олган вақтида ушланди. Шунингдек, мазкур ишга алоқадор бўлган, Самарқанд вилоят божхона бошқармасига қарашли божхона постларидан бирининг бошлиғи ҳам 200 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё вилояти ва Тошкент шаҳрида лавозимини суиистеъмол қилган прокурор ва катта инспектор пора билан қўлга тушгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси