4 ҳудуд солиқбошилари унвонидан маҳрум этилиб, ишдан ҳайдалди
Жамият
−
06 Ноябрь 2022
29423Давлат Солиқ бошқармаларининг 4 нафар масъуллари махсус унвонларидан маҳрум этилиб, улар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитасининг матбуот хизмати хабар берди.
4 ноябрь куни Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев раҳбарлигида ўтказилган Қўмитанинг навбатдаги ҳайъат мажлисида, январь-октябрь ойларида бюджетга 123,8 трлн сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,4 трлн сўмга кўп солиқ тушумлари таъминлангани ва ҳудудий давлат солиқ бошқармаларида тушумларнинг ўсиши 33 фоизга етгани қайд этилган.
Шунингдек, айланмадан олинадиган солиқ тушумлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 140 фоиз, ҚҚС 133 фоиз ва фойда солиғи тушумлари (Навоий ва Олмалиқ КМКларидан ташқари) 156 фоизга ўсганлиги кўрсатилиб ўтилган.
Шу билан бирга, айрим ҳудудларда бюджетга қўшимча даромадларни жалб этиш, ҚҚС манфий суммаларни қоплаб бериш бўйича тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқишда сансоларликка йўл қўйилаётгани ҳамда солиқ органлари томонидан мавжуд рақамлаштириш янги инструментлари орқали етиштирилган пахта ҳосили ҳисобини юритиш ва ўзаро ҳисоб-китобларни тартибга солишда қишлоқ хўжалиги корхоналарига етарлича кўмаклашилмаётганлиги танқидий кўриб чиқилган ва йўл қўйган жиддий хато, камчиликлари учун Фарғона, Қашқадарё, Тошкент вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси ДСБларининг 4 нафар масъуллари махсус унвонларидан маҳрум этилиб, улар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган. Шунингдек, 4 раҳбар ва масъулларнинг интизомий жавобгарликлари кўриб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистоннинг 13 та ҳудудидаги солиқ инспекциялари бошлиқлари ишдан олинган эди.
LiveБарчаси