3 йиллик танаффусдан сўнг Фаластин чемпионати қайта бошланади

Спорт

image

Фаластин футбол ассоциацияси қарийб уч йиллик танаффусдан сўнг мамлакатда футбол мусобақалари сентябрь ойида қайта бошланишини маълум қилди. Бу ҳақда ассоциация президенти Жибрил Ражуб айтиб ўтди.

Ассоциация президентининг айтишича, спорт тадбирлари ва футбол лигалари жорий йилнинг 4 сентябридан қайта тикланади. Фаластиндаги футбол мусобақалари 2023 йил 7 октябрда Ғазода уруш бошланганидан сўнг тўхтатилган эди.

Уруш даврида Исроил томонидан ҳалок бўлган 1014 нафар фаластинлик спортчини хотирлаш мақсадида биринчи мусобақа “Минг шаҳидлар кубоги” деб номланди.

Турнирда 200 дан ортиқ клуб иштирок этади. Улар орасида ишғол қилинган Ғарбий Соҳилдан 146 та, Ғазодан 44 та ва Ливандаги Фаластин қочқинлар лагерларидан 36 та клуб бор. Мусобақа бир вақтнинг ўзида учта ҳудудда бошланади.

Ражуб уруш барча фаластинликлар учун оғир шароитни юзага келтиргани ва бу спорт мусобақаларининг тўхтатилишига сабаб бўлганини таъкидлаган.

“Аммо биз миллий иродамизни йўқотмадик. Спорт умид ва ҳаёт рамзи бўлиб қолишига бўлган ишончимизни ҳам йўқотмадик”, дейди у.

Ассоциация президенти Фаластин футбол клублари ва федерацияси оғир молиявий аҳволга тушиб қолганини маълум қилган. Шунингдек, у FIFA ва бошқа халқаро федерацияларни Фаластин спортини қўллаб-қувватлашга, футболчилар, клублар ва болаларнинг спорт билан “эркинлик ва қадр-қиммат” асосида шуғулланиш ҳуқуқини ҳимоя қилишга чақирган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг