3 йил олдин ўлдирилган фаластинликлар оммавий дафн қилинди (видео)

Олам

image

Ғазо шаҳрида Исроилнинг 2023 йил ноябрь ойида Сабра маҳалласига берган зарбасида ҳалок бўлган 112 нафар фаластинликнинг оммавий дафн маросими ўтказилди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.

 

Маълум қилинишича, дафн этилганлар Абу Шариат ва Ал-Ҳасайна оилалари аъзолари бўлиб, уларнинг жасадлари қарийб уч йил давомида вайроналар остида қолган. Яқинда қутқарув гуруҳлари ҳодиса жойидан уларнинг қолдиқларини топган.

Маросимда минглаб одам иштирок этган. Тобутлар Фаластин байроқларига ўралган ҳолда Ғазо шаҳри кўчалари орқали олиб ўтилган. Шунингдек, қурбонларнинг суратлари жойлаштирилган баннерлар ҳам кўтарилган.

Фаластин расмийларига кўра, 2023 йил 22 ноябрда содир бўлган ҳужумда икки оиланинг жами 308 нафар аъзоси ҳалок бўлган. Улар орасида 40 нафар бола, 30 нафар аёл ва етти нафар ногиронлиги бўлган шахс бўлган.

Қутқарув хизматлари ҳозиргача 100 дан ортиқ жасадни вайроналар орасидан олиб чиққан. Шу билан бирга, тахминан 157 киши ҳали ҳам бедарак деб ҳисобланмоқда. Расмийларга кўра, уларнинг жасадлари вайроналар остида қолган бўлиши ёки тақдири ҳануз номаълумлигича қолмоқда.

Ғазодаги Фуқаро мудофааси хизмати ушбу маросимни анклавда уруш бошланганидан буён ўтказилган энг йирик оммавий дафн маросимларидан бири сифатида баҳолаган. Маросимда сўзга чиққан бир қатор фаластинлик фаоллар ва жамоат арбоблари бу воқеа ҳали ҳам ўз яқинларининг жасадлари топилишини кутаётган минглаб оилаларнинг дардини акс эттиришини таъкидлаган.

Қайд этилишича, ушбу оммавий дафн маросими Ғазода вайроналар остида қолган ва бедарак деб ҳисобланаётган минглаб инсонларни қидириш ишлари давом этаётган бир пайтда бўлиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроилнинг 2023 йил октябридан буён Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 73 377 нафарга етгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг