3 нафар ўзбекистонлик курашчи Осиё чемпионатида совриндор бўлди
Спорт
−
14 Апрель 2023
5534Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида спорт курашлари бўйича Осиё чемпионати баҳслари давом этмоқда. 13 апрель кунги дастурдан ўрин олган баҳсларда Ўзбекистон терма жамоаси 2 та кумуш ва 1 та бронза медалига сазовор бўлди. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси (МОҚ) Матбуот хизмати хабар берди.
-70 кг вазн тоифасининг финалида гиламга чиққан Зафарбек Отахонов қозоғистонлик Санжар Досановга 0:2, -79 кг тоифасининг ҳал қилувчи баҳсида эса Бекзод Абдураҳмонов бошқа бир қозоғистонлик атлет Болат Сакаевга 4:7 ҳисобида имкониятни бой берди. Шу тариқа, ҳар икки ўзбекистонлик спортчи қитъа биринчилигини кумуш медаль билан якунлади.
Чемпионатда Ўзбекистон жамоаси ҳисобига ёзилган яна бир бронза медалига Махсуд Вейсалов муаллифлик қилди. -97 кг вазнда 3-ўрин учун баҳс олиб борган Вейсалов ҳиндистонлик Дипак Дипакдан 12:9 ҳисобида устун келди.
Бугун, 14 апрель куни мусобақа баҳслари ўз ниҳоясига етади. Турнирнинг сўнгги кунида эркин кураш бўйича навбатдаги 5 вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар аниқланади. Кун дастурида 5 нафар ўзбекистонлик спортчи баҳсларга киришади.
LiveБарчаси