3,5 миллион қурбон: Британия разведкаси коронавирус лабораторияда ишлаб чиқилганига ишонмоқда

Олам

image

Буюк Британия разведкаси Хитой Халқ Республикасидаги Ухань вирусология институти COVID-19 пандемиясига сабаби бўлган, деган версияга ишонмоқда. Бу ҳақда “The Sunday Times” газетаси бугун, 30 май куни Қироллик разведка хизматидаги манбаларига асосланиб хабар берди.

Нашрнинг қайд этишича, дастлаб Ғарб разведка хизматлари, шу жумладан инглизлар ҳам коронавируснинг лабораторияда ишлаб чиқилганини эҳтимолдан йироқ, деб ҳисоблаган. Бироқ, вазиятни қайта баҳолаш амалга оширилган ва ҳозирда бу борада разведканинг позицияси ўзгарган.

Шу билан бирга, Британия нашри ўз мақоласида Америка разведкасидаги манбасининг фикрини келтириб ўтган. Унга кўра, агар бутун дунёга тарқалган юқумли касалликнинг сабаб ва илдизи топилмаса, у ҳолда “бу яна содир бўлиши мумкин”.
 
Аввалроқ, Британиялик профессор Ангус Далглиш ва норвегиялик вирусолог Биргер Соренсен коронавируснинг сунъий келиб чиқиши тўғрисида “далил”га эга эканини айтганди. 

Профессор Далглишнинг сўзларига кўра, деярли барча йирик илмий нашрлар, шу жумладан Британиянинг “Nature” журнали ўша пайтда уларнинг тадқиқот ишини нашр этишдан бош тортган. Охир-оқибат SARS-Cov-2 вируси лабораторияда ишлаб чиқилгани тўғрисидаги илмий тадқиқот иши Кембриж Университетининг “QRB Discovery” нашрида эълон қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 30 март куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) коронавирус келиб чиқишини билиш учун мутахассисларнинг Уханга қилган сафари натижалари тўғрисида ҳисоботни эълон қилганди.

ЖССТ ҳисоботида мутахассислар вируснинг келиб чиқиши тўғрисида аниқ хулосага кела олмагани ҳамда инфекция келиб чиқишининг лаборатория версияси эҳтимолдан йироқлиги қайд этилганди. 

Кейинчалик, ушбу ҳисобот кўплаб танқидларга учради. Жумладан, АҚШнинг собиқ Давлат котиби Майк Помпео Twitter'даги саҳифасида ЖССТ мутахассисларининг коронавирус келиб чиқиши ҳақидаги ҳисоботини қаттиқ танқид қилиб, унинг муаллифларини Хитойнинг “дезинформация кампаниясини” қўллаб-қувватлашда айблади.

Ўз навбатида Хитой расмийлари коронавирус масаласини сиёсийлаштирмасликка чақирди

Маълумот учун, коронавирус “ўчоғи” бўлган Хитойнинг Ухань шаҳрида COVID-19 эпидемияси 2019 йилнинг декабрь ойида бошланди. 29 май ҳолати бўйича бутун дунё бўйлаб ушбу вирусни 170 миллиондан ортиқ одам юқтириб олди, 3 миллион 500 мингдан ошиқ инсон ундан вафот этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

245

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг