Коронавирус Хитой лабораториясида тайёрланганми? ЖССТ Ухандаги текширув натижасини эълон қилди

Олам 18012
image
-

Бугун, 30 март куни Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) коронавирус келиб чиқишини билиш учун мутахассисларнинг Уханга қилган сафари натижалари тўғрисида ҳисоботни эълон қилди.

Ушбу ҳужжатда қуйидаги хулосалар қайд этилган:

•  ЖССТ мутахассислари вируснинг келиб чиқиши тўғрисида аниқ хулосага кела олмади;

•  ташкилот экспертлари инфекция келиб чиқишининг лаборатория версиясини эҳтимолдан йироқ, деб топди. Уларнинг фикрига кўра, вирус одамларга “ташувчи” орқали юққан, деган вариант ҳақиқатга яқин;

•  COVID-19 нинг биринчи ташувчилари, эҳтимол, кўршапалаклар бўлган. Кейинчалик вирус бошқа ҳайвонларнинг танасида мутацияга учраган бўлиши мумкин. Коронавируснинг оралиқ ташувчиси қоракузан, қуёнлар, ракун итлари, уй мушуклари ва товуқлар бўлиши мумкин;

•  олимлар Ухань шаҳрида коронавирус пайдо бўлишига музлатилган озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш сабаб бўлган деган вариантга ҳам ишонмоқда;

•  халқаро экспертлар одамлар қайси даврда коронавирус билан касаллана бошлаганини аниқ айтолмаган. Ҳисобот муаллифларининг фикрига кўра, бу вирус 2019 йил ноябрь ойининг ўрталари ва декабрь ойида тарқалишни бошлаган бўлиши мумкин;

•  мутахассислар, шунингдек, коронавируснинг янги турини юқтириш баъзи мамлакатларда Уханга қараганда анча олдин бошланганига ҳам эътибор қаратган.

Эслатиб ўтамиз, ЖССТ мутахассислари жорий йилнинг январь ойида Уханга ташриф буюрган. Ташкилот миссияси таркибидан Россия, Австралия, Дания, Германия, Кения, Япония, Голландия, Қатар, Судан, Буюк Британия, АҚШ ва Вьетнамдан келган мутахассислар ҳамда уларнинг Хитойдаги ҳамкасблари ўрин олганди. 

Маълумот учун, коронавирус “ўчоғи” бўлган Хитойнинг Ухань шаҳрида COVID-19 эпидемияси 2019 йилнинг декабрь ойида бошланганди.

30 март ҳолати бўйича бутун дунё бўйлаб ушбу вирусни 128 миллиондан ортиқ одам юқтириб олди, 2 миллион 800 мингдан ошиқ инсон ундан вафот этди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 843
Рейтинг: 3
t
×