26 млрд сўмлик газни ўғирлаган “Ҳудудгаз Бухоро” мансабдорлари қамалди
3-саҳифа
−
17 Сентябрь 2023
7263Бухоро вилоятида 26 миллиард сўмлик газни ўғирлаган “Ҳудудгаз Бухоро” мансабдорлари озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар берди.
Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Когон туман судида 26,1 миллиард сўмлик табиий газни талон-торож қилган шахсларга оид жиноят иши кўрилган. Гап шундаки, судланувчилар – М.Ҳ. ва А.А.лар “Дилдора” масъулияти чекланган жамияти раҳбари А.Ж. ҳамда “Осиё Бухоро газ” МЧЖ раҳбари Ж.С. билан тил бириктириб, энергоресурсларини ўғирлаш жиноятларини содир этган.
Хусусан, фуқаро М.Ҳ. 2022 йилнинг 15 августидан “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминот филиали метрология хизмати бошлиғи вазифасида, А.А. метрология хизмати етакчи муҳандиси вазифасида ишлаб келиб, мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланган. Улар жамият раҳбарлари – А.Ж. ва Ж.С.лар билан олдиндан жиноий тил бириктирган. Мазкур шахслар жамиятга қарашли газ қуйиш шохобчаларга келган алоҳида табиий газ қувурининг уланиш нуқтасига ўрнатилган “Автопилот-ПРО” русумли газ ҳисоблаш ускунаси ўрнатилган хонанинг эшигини тамғаламасдан, газ ҳисоблагич ускунасидаги мавжуд имплюс трубкаси тамғасини ҳеч қандай ҳужжатсиз алмаштирилган.
Оқибатда улар “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятининг жами 26,1 млрд сўмлик жуда кўп миқдордаги табиий газни ўғирлаб, яширин равишда талон-торож қилган.
Жиноят ишлари бўйича Когон туман судининг ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 169-моддаси 4 -қисми “а” банди, 209-моддаси 2-қисми “а” банди, 228-моддаси 2-қисми “а,б” бандлари билан айбли деб топилган А.Ж., Ж.С.лар 11 йил, А.А. ва М.Ҳ.лар эса 9 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Шунингдек, айбланувчилар томонидан 6 млрд сўм зарар қоплангани сабабли, қолган 20,1 млрд сўм зарарни судланувчилардан солидар тартибда ундирилиши белгиланган.
LiveБарчаси