25 млрд сўмлик давлат харидларида қонунбузилишлар аниқланди

Crime

image

Жиззах, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида 25 млрд сўмдан ортиқ давлат харидларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, масъулларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

Қайд этилишича, қўмита давлат харидлари соҳасида доимий мониторинг ўтказиб, аниқланган қонунбузилишлар юзасидан ҳудудий органлар орқали таъсир чораларини кўрмоқда. Жумладан, Жиззах вилоятида электрон махсус ахборот порталлари маълумотлари асосида ўтказилган мониторингда умумий қиймати 1,5 млрд сўмдан ортиқ давлат харидларида қонунбузилишлар аниқланган.

Хусусан, Арнасой туман тиббиёт бирлашмасининг 588,3 млн сўмлик аутсорсинг хизмати, вилоят ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатидаги 6 та савдода 333,1 млн сўмлик товар-моддий бойликлар, силга қарши кураш диспансеридаги 420 млн сўмлик аутсорсинг хизмати ҳамда Дўстлик тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимидаги 183,1 млн сўмлик қурилиш моллари харидида қонунбузилишлар қайд этилган.

Билдирилишича, иштирокчиларга асоссиз талаблар қўйилгани ва талабгорлар нотўғри баҳолангани сабабли “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилгани юзасидан ишлар қўзғатилган. Масъулларга бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилиб, мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, суд органларига юборилган.

Сирдарё вилоятида эса “Иссиқлик электр тармоқлари” АЖ “Сирдарё ИЭС” филиалида ўтказилган тендер савдолари ўрганилган. Оқибатда умумий қиймати 22,5 млрд сўмлик савдода “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддаси ҳамда “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 42, 46 ва 61-моддалари талаблари бузилгани аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан иш қўзғатилиб, бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган.

Фарғона вилоятида эса Марғилон шаҳар Ободонлаштириш бошқармасида 2025 йил ва 2026 йилнинг январь–апрель ойларида ўтказилган, умумий бошланғич қиймати қарийб 1,2 млрд сўмлик энг яхши таклифларни танлаш савдоларида рақобат қонунчилиги талаблари бузилгани аниқланган.

Шунингдек, Бувайда туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасасида ҳам 2025 йил ва 2026 йилнинг январь–апрель ойларида ўтказилган, умумий бошланғич қиймати 275 млн сўмлик савдода қонунчилик талабларига амал қилинмагани маълум бўлган.

Ҳар икки ҳолат бўйича “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилгани юзасидан иш қўзғатилиб, бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган. Манcабдор шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178-моддаси 5-қисми асосида иш юритилиб, материаллар кўриб чиқиш учун судга юборилган.

“Рақобат қўмитаси давлат харидлари соҳасидаги мониторинг ишларини изчил давом эттириб, аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан қатъий чоралар кўришда давом этади”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ тадбиркорлардан асоссиз ундирилган 5,5 млрд сўмлик тўловлар юзасидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ҳамда унинг тизимидаги корхоналарга нисбатан иш қўзғатилгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends