23 йиллик сир. Ислом Каримовга суиқасд қандай амалга оширилганди?

Бу қизиқ 85473
image
-

Аввалроқ, 1999 йилнинг 16 февраль куни Тошкентда уюштирилган қатор террористик ҳаракатларнинг иштирокчиси бўлган шахс 23 йил ўтиб қўлга олингани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур террористик ҳаракат мамлакатнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовга уюштирилган суиқасд бўлгани билан ҳам аҳамиятлидир. 

Хўш, 1999 йил 16 февраль воқеалари қандай рўй берди? У нега Президент Каримовга суиқасд сифатида баҳоланган эди. 

Тошкент осмонини қора тутун қоплаган ўша мудҳиш кундаги террористик акт фақатгина мамлакатнинг конституциявий тузумига қарши ҳаракат эмас, балки Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовга суиқасд ҳам эди.

Шу куни пойтахт Тошкентнинг турли ҳудудларида, жумладан Мустақиллик майдони, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий банк бинолари ёнида 6 та кучли портлашлар юз берган. Уларда 16 нафар киши қурбон бўлган, 100 дан ортиқ одам жароҳатланган.

1991-2006 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири лавозимида фаолият юритган, айни дамдаги Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматович Алматов QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг йирик қўпорувчилик ҳаракати – 16 февраль воқеаларини қуйидагича эслайди. 

“Биласизми, террористик ҳаракатларни содир этиш учун жуда катта ақлнинг кераги йўқ. Ё белига бомба боғлаб ўзини шаҳид қилади ёки... Инсоннинг онгини шунчалар заҳарлашадики, у ўз халқига қурол кўтаради, қўпорувчилик натижасида зиён етказади.

1999 йилларда содир этилган 16 февраль воқеасига келсак, хўш, бу кимлар томонидан содир этилди? Андижон, Наманган яна бошқа 1-2 вилоятлардан чиққан йигитларимиз Чеченистонга бориб қолишган. Ана ўша ердаги урушда қатнашиб, араб фуқароси бўлган Хаттаб деган террорчининг қўлига тушиб қолишади. Шуни тарбиясини олиб, лагерда тайёргарликдан ўтиб, махсус бир портловчи моддалар билан ишлашни ўрганиб, Ўзбекистонга келиб, террорчилик ҳаракатларини содир этишган. Кутилмаган пайтда, кутилмаган аҳволда содир бўлган. Уларнинг асосий мақсади Ўзбекистон Президентига суиқасд қилиш, халқни ичида нотинчлик юзага келтириш ва яна бошқа салбий оқибатларга олиб келиш эди. Қайси ўзбек ўз халқига хиёнат қилиб, қонини тўкади?”, дейди Алматов.

Зокиржон Алматовнинг таъкидлашича, ўша пайтда бу воқеа Ҳукуматни довдиратиб қўймаган. Шу куннинг ўзида махсус режа билан иш бошланган. Халққа ҳамма нарса адолатли етказилган ва мудҳиш жиноятни кимлар содир этиши мумкинлиги айтилган.

“Олий Мажлисда бўлган йиғилишда давлатимиз раҳбари буни халққа эълон қилди. Жиноятлар қайси экстремистик ташкилот томонидан содир этилишини изоҳлаб берди. Ана шу пайтда қаердан бўлса ҳам жиноятни содир этган жиноятчиларни топиб, зарарсизлантириш, Ўзбекистонга олиб келиш масаласи бизнинг олдимизга қатъий вазифа қилиб қўйилди. Қисқа вақтда кўрилган чора-тадбирлар туфайли биз жиноятчиларнинг изига тушдик”, дейди собиқ вазир Зокиржон Алматов.

16 воқеалари ўша давр мутасаддилари хотирасида ўчмас тамға бўлиб қолгани табиий. Зокиржон Алматов давлат раҳбарилан жуда катта танбеҳ эшитганини хотирлайди.

“Давлат раҳбаридан жуда катта танбеҳ эшитдик. Бу ҳолат халқимиз орасида норозиликка сабаб бўлди. Ички ишлар идоралари ходимлари қаёққа қаради, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, махфий хизмат қаёқда эди, деган ҳар хил салбий гапларни, иддаоларни эшитдик. Агар биз ўша пайтда довдираб, вазиятни издан чиқариб юборсак, тўғри келмас эди. Оператив маълумотларга эга бўлмаганлигимиз оқибатида шу воқеалар содир бўлди. Халқимизнинг қони тўкилди. Иқтисодий зарар етказилди.

Биз айбни ўз бўйнимизга олдик. Лекин ундан кейин бундай воқеалар бошқа такрорланмаслиги учун мен жуда катта йиғилишда, Ўзбекистон телевидениесида, Олий Мажлисда халқимизга узримни ҳам айтиб ўтдим. Халқимиз бизга ишонди. Жиноятчилар фош этилди. Кўпчилиги Туркия, Россия, Қозоғистан давлатларидан Тошкентга олиб келинди. Уларнинг ҳаммаси жиноий жавобгарликка тортилди”, деб айтиб ўтди Зокиржон Алматов.

Портлаш содир этилган вақтда Мустақиллик майдонида жойлашган Вазирлар Маҳкамаси биносида мажлис ўтказилиши ва ушбу мажлисда Президент Каримов иштирок этиши керак эди. 1998-2000 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби бўлган Азамат Зиё ўша воқеаларни шундай эслайди: 

“Тахминан 09:45 да автоматдан отилган ўқ овозини эшитдим. Кейин Президент тан соқчиларининг биридан сўрадим: — Президент келдиларми? У менга, — Деярли келдилар, машиналар — деб жавб қилди. Мен пастга қараб югурдим. 3-қаватнинг зинасига етганимда жуда кучли портлаш содир бўлди”. 

Портлаш содир бўлган ўша дақиқаларнинг ўзидаёқ хавфсизликни сақлаш идоралари, Ички ишлар ва ўт ўчириш хизмати ходимлари воқеа жойига етиб боради. 

“Президентнинг машиналари келиб, портлаш рўй бергач, ортга қараб кетди, дейишганидан кейин Президент девонига қараб кетдим. Энг қизиғи, Президентнинг кабинетидаги ойналар зирҳланган ойналар эди, улар ҳам тарам-тарам бўлиб қолганди. Ўша аҳволни кўргандан кейин, “Ислом ака, бошқа хавфсизроқ жойга ўтарсиз, балки”, деб айтдим. Шунда ИСлом ака, “Сен бу гапни бир марта айтдинг, бошқа такрорламагин, бу нафақат менга, балки халқимизга, давлатимизга, мустақиллигимизга қарши қилинган хуруж”, дедилар. Шундан кейин яна машиналарига ўтириб, ташқарига чиқдилар”, дейди Азамат Зиё. 

Каримов ўша вақтда воқеа жойига етиб борди. Бу вақтда эса террорчиларнинг қўпорувчилик ҳаракатлари ҳали тинмаганди. У, ҳатто, телевидениега интервью бераётганида ортида яна бир портлаш содир этилди. 

Ўша кунга мўлжалланган Вазирлар Маҳкамаси йиғилиши бекор қилинмади. Олий Мажлис биносида ўтказилди. 

1999 йил 16 февраль воқеалар қандай содир этилгани ҳақидаги видеони қуйида кўришингиз мумкин. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 3757
Рейтинг: 3
t
×