21 та ташкилотда 1 триллион сўмдан ортиқ камчилик, мақсадсиз ва самарасиз харажатлар аниқланган – парламент

Жамият

image

2019 йилда бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши юзасидан 21 та ташкилот ва корхоналарда текширувлар ўтказилган. Жами 1 триллион сўмдан ортиқ молиявий камчиликлар, мақсадсиз ва самарасиз харажатлар аниқланган. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2019 йилги ҳисоботи кўриб чиқилди.

Ҳисобот йилида бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши юзасидан 21 та ташкилот ва корхоналар бўйича назорат тадбирлари ўтказилиб, 1074,4 млрд сўмлик молиявий камчиликлар, мақсадсиз ва самарасиз харажатлар аниқланган. 
Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлигида дори воситаларининг хариди қонунийлиги бўйича ўтказилган текширишда 218 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган. Бундан ташқари, дори воситалари ва тиббиёт жиҳозларининг қиммат нархларда сотиб олиниши натижасида 104 млрд сўм бюджет маблағлари ортиқча сарфланганлиги аниқланган.

Ҳисоб палатаси томонидан 2019 йилда давлат буюртмаси ижроси юзасидан яратилган иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларнинг ҳаққонийлигини жойларга чиқиб ўрганилмаганлиги ҳамда уларнинг натижаси бўйича ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ахборот киритилмаганлиги депутатларнинг эътирозига сабаб бўлди.

Йиғилишда ҳудудларда бюджет даромадларини кўпайтириш ва заҳираларини излаш ҳамда мавжуд дастакларни ишга солиш ўрнига Давлат бюджетидан берилган маблағларни мақсадсиз ва самарасиз сарф қилинишига йўл қўйилаётгани, ҳудудий мутасаддиларнинг ушбу муҳим масалага эътиборсизлик қилаётгани ва бошқа камчиликлар депутатлар томонидан кескин танқид қилинди.

Қўмита аъзолари томонидан бюджет тизими бюджетларига маблағлар ва бошқа бюджетдан ташқари жамғармаларга маблағлар тушумининг тўлиқлигини ўрганиш ва назорат қилишда Ҳисоб палатаси томонидан аниқланган заҳира ва қўшимча манбалар бўйича ҳисоботларнинг алоҳида юритилиши, шунингдек, давлат аудитини ўтказишда стратегик ёндашув методологиясини ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбиқ этиш, масалан, БМТнинг Барқарор ривожлантириш мақсадлари бўйича Ўзбекистонда қабул қилинган дастурнинг бажарилиши устидан давлат аудитини тажриба тариқасида ўтказилиши тавсия қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Парламент Ҳисоб палатаси бюджет камомад

Баҳолаганлар

157

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг