2026 йилда ЙТҲлар оқибатида қарийб 1,2 млн одам ҳалок бўлди – БМТ

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича янги сиёсий декларацияни қабул қилди. Ҳужжат 2030 йилгача йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ҳалок бўлганлар ва оғир жароҳат олганлар сонини 2021 йилги даражага нисбатан 50 фоизга қисқартириш мақсадини тезлаштиришга қаратилган. Бу ҳақда ташкилот расмий сайтида хабар берилди.

БМТ маълумотларига кўра, 2011–2025 йиллар оралиғида дунёдаги автомобиллар сони бир миллиарддан ортиққа кўпайганига қарамай, йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлганлар сони 21 фоизга камайган. Шунга қарамай, ўтган йили ЙТҲлар оқибатида 1,16 миллион киши ҳалок бўлган. Йўлларда олинган жароҳатлар эса 5 ёшдан 29 ёшгача бўлган болалар ва ёшлар ўлимига сабаб бўлувчи асосий омил бўлиб қолмоқда.

Йўлларда ҳалок бўлганларнинг ярмидан кўпи автомобилда бўлмаган шахслардир. Улар пиёда юрган, велосипед ёки мотоциклда ҳаракатланган.

Маълум қилинишича, янги декларация миллий йўл ҳаракати хавфсизлиги стратегияларини аниқ мақсадли кўрсаткичлар, муддатлар ва бюджетлар билан амалга ошириш бўйича қатор мажбуриятларни ўз ичига олади. Улар қаторида:

йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича махсус идораларни ташкил этиш;

маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш тизимини такомиллаштириш;

қонунчиликни кучайтириш ва унинг ижросини таъминлаш;

йўллар, инфратузилма ва транспорт воситаларини асосий хавфсизлик стандартларига мувофиқлаштириш каби чоралар бор.

Ҳужжат давлатларни инсон хатоси муқаррар эканини ҳисобга оладиган, амалда ўз самарасини кўрсатган ёндашувни қўллашга мажбур қилади. Бу хавфсизроқ йўллар, инфратузилма, транспорт воситалари, тезлик чекловлари ва инсон омилини инобатга олувчи меъёрларни жорий этишни назарда тутади. Бундай ёндашув ЙТҲ оқибатларини инсон ҳаёти билан мос келадиган даражада сақлаб қолишга қаратилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, бугунги кунда жаҳон аҳолисининг қарийб 60 фоизи шаҳарларда яшайди ва ҳаракатланишга бўлган талабнинг ортиши асосан шахсий автомобиллар учун лойиҳалаштирилган транспорт тизимларига катта босим ўтказмоқда.

Такси ва етказиб бериш хизматларининг кенгайиши туфайли 2011–2025 йиллар оралиғида дунёдаги мотоцикллар сони уч баробардан ортиқ ошган. Мотоцикл ҳайдовчилари йўллардаги барча ўлим ҳолатларининг қарийб учдан бир қисмини ташкил этади. Шу билан бирга, сертификатланган мотошлемдан фойдаланиш аварияда ҳалок бўлиш хавфини олти баравардан ортиқ камайтиради.

Электросамокатлар, электровелосипедлар ва ҳайдовчисиз автомобиллар каби янги ҳаракатланиш воситалари транспортни режалаштириш соҳасида ҳам янги имкониятлар, ҳам янги чақириқларни юзага келтирмоқда.

Декларацияда йўл ҳаракати хавфсизлигини мустаҳкамлаш соғлиқни сақлаш ва барқарор ривожланишнинг муҳим шарти экани таъкидланган. Пиёдалар, велосипедчилар ва жамоат транспортидан фойдаланувчилар улушининг ортиши йўллардаги тирбандликни камайтириши, ҳаво сифатини яхшилаши, шаҳарларни яшаш учун янада қулай қилиши ҳамда одамларнинг соғлом ва узоқ умр кўришига ҳисса қўшиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNP) янги ҳисоботида дунёда гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилувчилар сони ўсиб бораётганини билдирган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг