2025 йил тарихдаги энг иссиқ йиллардан бири бўлади – ЖМТ
Олам
−
07 Ноябрь 14764 2 дақиқа
2025 йил кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йиллардан бири – эҳтимол, иккинчи ёки учинчи ўринда бўлади. Бу ҳақда Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) хабар берди.
Маълумотларга кўра, сўнгги 11 йил – 2015 йилдан 2025 йилгача сўнгги 176 йиллик кузатувлар орасида энг иссиқ давр сифатида тан олинган.
“Жорий йилнинг январидан августигача бўлган даврида Ер юзасининг ўртача ҳарорати саноат давригача бўлган даражадан 1,42 даража Цельсийга юқори бўлди. Бу 2024 йилга нисбатан бироз пастроқ, ўша пайтда Эль-Ниньо ҳодисаси таъсир қилган эди, бироқ умуман олганда иссиқлик камайгани йўқ. 2023 йил июнидан 2025 йил августигача деярли ҳар ой ҳарорат рекорди янгиланди, фақат шу йилнинг феврали бундан мустасно”, дейилади хабарда.
Олимлар бундай исишни нафақат табиий цикллар, балки аэрозоллар ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши ва бошқа антропоген омиллар билан боғламоқда. Жорий йилда Африка ва Осиёда вайронкор сув тошқинлари, Европа ва Шимолий Америкада ўрмон ёнғинлари, шунингдек, ўлимга олиб келган тропик бўронлар содир бўлди. Бу ҳодисалар иқтисодиётга, озиқ-овқат хавфсизлигига жиддий зарар етказди ва миллионлаб одамларнинг кўчишига сабаб бўлди.
Океанлар ҳамон ортиқча иссиқликни ютишда давом этмоқда. Иссиқхона газлари сабаб пайдо бўлган ортиқча энергиянинг 90 фоиздан зиёди айнан у ерда тўпланмоқда. Бу денгиз экотизимларининг емирилишига, бўронларнинг кучайишига ва музликларнинг тезроқ эришига олиб келмоқда.
Денгиз сатҳи кўтарилиш суръати ҳам тезлашмоқда: 1990 йилларда у йилига ўртача 2,1 миллиметрга ошган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 4,1 миллиметрга етган. 2024 йилда энг юқори даража қайд этилган, бу йил эса табиий омиллар туфайли бироз пасайган.
Арктика музлари бу йилги қишдан сўнг бутун сунъий йўлдош кузатувлари тарихида энг кичик майдонга эга бўлди. Антарктидада ҳам вазият ташвишли – 2025 йилда муз ҳажмининг камайиши бўйича тарихдаги учинчи энг паст кўрсаткич қайд этилган. Глобал музликлар эса кетма-кет учинчи йил давомида массани йўқотмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ иқлим ўзгариши туфайли Ер юзидаги ўрмонлар жиддий хавф остида қолаётгани ҳақида хабар берилган эди. БМТ Европа Иқтисодий Комиссиясига кирувчи мамлакатлар ҳудудида – Европа, Шимолий Америка, Кавказ ва Марказий Осиёда 1,76 миллиард гектардан ортиқ ўрмон мавжуд бўлиб, бу дунё ўрмонларининг 40 фоиздан ортиғини ташкил этади.
Live
Барчаси