2022 йил Суперлигада нечта жамоа иштирок этади? ЎФА баёнот берди
Спорт
−
27 Ноябрь 2021
5059Бугун, 27 ноябрь куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси 2022 йилги мавсумда Суперлигада нечта клуб иштирок этиши ҳақида расмий баёнот билан чиқди.
Унга кўра, келаси мавсумда ҳам 14 та жамоа мамлакат чемпионлиги учун баҳс олиб боради.
“Бугун Суперлиганинг 2021 йилги мавсуми ўз ниҳоясига етди. Чемпионат охирги тургача қизғин ва муросасиз баҳсларга бой бўлди. Кучли учликдаги совринли позициялар ва юқори лигада қолиш учун кураш шиддатли ўтди. ЎФА ва ПФЛ чемпионат давомида юзага келган қийинчиликларга қарамай, спорт принципларига риоя қилишни устувор вазифа қилди ва бунга қатъий амал қилишда давом этади. Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда Суперлиганинг 2022 йилги мавсумида иштирокчи клублар сони оширилиши ва чемпионатда 16 клуб қатнашиши ҳақида тахминлар янграганди. Шуни маълум қиламизки, ЎФА ҳамда ПФЛ амалдаги регламентга ўзгартириш киритмайди ва спорт принципларига қатъий риоя қилади. Кейинги мавсумда Суперлиганинг иштирокчи жамоалари сони ўзгартирилмайди”, дейилади ташкилот баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон чемпионатида Тошкентнинг “Пахтакор” клуби ғолибликни қўлга киритган бўлса, 2-ўринни “Сўғдиёна” (Жиззах) эгаллади. 3-поғона эса ОКМК (Олмалиқ) жамоасига насиб этди.
Маълумот учун, жорий мавсумда 13 ва 14-ўринни эгаллаган “Андижон” ва “Турон” клублари 2022 йилда қуйи лигага туширилади. Про-лига чемпиони “Нефтчи” (Фарғона) ва 2-ўрин соҳиби “Динамо” Суперлигада иштирок этади. 12-ўриндаги “Машъал” (Муборак) қуйи лигада 3-ўринни эгаллаган “Олимпик” жамоаси билан ўтиш ўйинида иштирок этади.
LiveБарчаси