2021 йилда антирекордлар кўп бўлди – БМТ иқлим ўзгариши хавфидан огоҳлантирди

Бу қизиқ 4043
image

Иқлим ўзгариши натижасида юзага келган экстремал об-ҳаво одамлар ҳаётига тобора таъсир қилмоқда. Бу ҳақда Жаҳон метеорология ташкилотининг сўнгги ҳисоботида айтилган.  

Ундаги маълумотларга кўра, 2021 йил денгиз сатҳининг глобал кўтарилиши, унинг исиши ва атмосферада иссиқхона газлари концентрацияси бўйича рекорд йил бўлган. Йиллик ҳисоботда, шунингдек, атмосферадаги карбонат ангидрид миқдорининг ошиши океанларнинг кислоталилиги ошишига олиб келаётгани, бу эса, ўз навбатида, денгиз ҳаётининг барча шаклларига таҳдид солаётгани қайд этилган. 

Экспертларнинг фикрига кўра, буларнинг барчаси инсоннинг иқлимга таъсиридан далолат беради ва бундай таъсирнинг оқибатлари жуда жиддий ва ҳалокатли бўлиши мумкин. Доимий равишда бартараф этилиши керак бўлган табиий офатлар кўплаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлиши ва юзлаб миллиард доллар зарар келтириши мумкин. 

“Иқлим бизнинг кўз ўнгимизда ўзгармоқда ва экстремал об-ҳаво шароитлари кундалик ҳаётимизга таъсир қилмоқда”, деган ЖМТ бош котиби профессор Петтери Таалас. 

Таъкидланишича, 2021 йилда денгиз сатҳининг кўтарилиши ҳам аввалги барча рекордларни янгилаган. Музликларнинг эриши ва океаннинг термал кенгайиши туфайли 1993 йилдан бери у 10 сантиметр кўтарилган. Бу эса, ўз навбатида, юзлаб миллион қирғоқ аҳолисининг ҳаётини хавф остига қўйиб, бўронлар ва циклонлар хавфини оширади. 

Қайд этилишича, атмосферадаги карбонат ангидриднинг деярли тўртдан бир қисми океанлар томонидан сўрилади, аммо бу уларнинг кислоталилик даражасини сезиларли даражада оширади. Олимларнинг эслатишича, бу маржон ва моллюскаларнинг барча турларига таҳдид солади, бу эса ўз навбатида озиқ-овқат занжирларини узиши, қирғоқ экотизимларини бузиши ва кўплаб мамлакатлар учун асосий даромад манбаи бўлган туризмга зарба бериши мумкин.

Ҳисоботда, шунингдек, CO2 ва бошқа зарарли иссиқхона гази 2021 йилда рекорд даражага етгани қайд этилган. 

Таъкидланишича, ўртача ҳарорат ҳам саноатдан олдинги даврга нисбатан 1,1 даражага кўтарилган ва жаҳон кучлари томонидан белгиланган 1,5 даража чегарасига тезлик билан яқинлашмоқда, шундан сўнг иқлим оқибатлари ҳақиқатан ҳам ҳалокатли бўлиши мумкин, деб ишонилади.

Бундан ташқари, ташкилот 2021 йилда АҚШнинг ғарбий қисмида ва Ўртаер денгизида қайд этилган мисли кўрилмаган иссиқлик тўлқинини, Хитой ва Ғарбий Европада ҳалокатли сув тошқини ва Гренландия муз қатламига биринчи ёмғир ёғганини эслатади. Шу билан бирга, Шарқий Африкада тўртинчи йил кетма-кет ёмғир умуман ёғмагани хавфи ҳамон сақланиб қолмоқда, бу эса сўнгги 40 йилдаги энг кучли қурғоқчиликни келтириб чиқариши мумкин. 

“Бугунги иқлим ҳолати тўғрисидаги ҳисобот инсониятнинг иқлим ўзгариши билан курашишдаги муваффақиятсизликларининг қайғули рўйхатидир. Барқарор келажакнинг ягона кафолати қайта тикланадиган энергия манбаларидир. Шамол ва қуёш энергиясидан фойдаланиш осон ва кўп ҳолларда кўмир ва бошқа қазилма ёқилғиларга қараганда арзонроқдир. Агар биз биргаликда ҳаракат қилсак, қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш XXI асрнинг тинч лойиҳаси бўлиши мумкин”, деган БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 56
Рейтинг: 3
Теглар
t
×