2021 йил 1 апрелдан бошлаб фуқаролардан 17 та маълумотномани талаб қилиш тақиқланади
Жамият 11 Декабрь 2020 11:23
11993
Ўзбекистонда 2021 йилнинг 1 апрелидан давлат идораларида фуқаролардан қатор маълумотнома ва ҳужжатларни талаб қилиш тўхтатилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли ва тадбиркорларга енгилликлар яратиш ҳамда бюрократик тўсиқларни тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳасида кўзда тутилган.
Белгиланишича, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб давлат ва хўжалик бошқарув органлари, давлат муассасалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан жисмоний шахслардан:
а) қуйидаги фактларни тасдиқловчи:
• руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги;
• наркология бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги;
• судланганлик;
• манзил-маълумот ахбороти;
• фуқаронинг номида шахсий уй-жой борлиги ёки йўқлиги;
• иш ҳақи ва иш стажини, олий ва ўрта махсус таълим муассасасида ўқиганликни тасдиқловчи архив маълумотномаларини талаб қилиш бекор қилинади.
Бунда, давлат ва хўжалик бошқарув органлари, давлат муассасалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш ва бошқа маъмурий тартиб-таомиллардан ўтиш, шунингдек ишга қабул қилиш жараёнида мазкур бандда белгиланган ҳужжат ёки маълумотларни олиш зарурати мавжуд бўлганда, уларни ушбу Фармоннинг 1-иловасига мувофиқ тасдиқланган маълумотларни бериш учун масъул бўлган давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда, шу жумладан “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олади.
Ушбу бандда кўрсатилган ҳужжат ёки маълумотларнинг давлат ва хўжалик бошқарув органлари, давлат муассасалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан жисмоний шахслардан талаб қилиниши давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузиш деб ҳисобланади.