2020 йил 1 январдан меҳнат дафтарчаси электрон бўлади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қуйида қарорнинг тўлиқ матни билан танишишингиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда электрон ҳукуматни ривожлантириш ва модернизация қилиш, шу жумладан, маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаштириш, аҳоли мурожаатларини кўриб чиқиш жараёнларининг шаффофлиги ва оптималлашувини таъминлаш, фаол тадбиркорликни рағбатлантириш, шунингдек, инвестицион иқлим ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган давлат хизматлари кўрсатишни кенгайтириш бўйича изчил чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Шу билан бирга, рақамли иқтисодиёт ютуқларининг имкониятлари тўла рўёбга чиқарилмаётган қатор соҳалар сақланиб қолмоқда. Хусусан, ижтимоий-меҳнат соҳасида замонавий ахборот технологиялари етарли даражада фаол қўлланилмаяпти. Ҳозирга қадар ташкилотларда кадрлар бўйича иш юритиш асосан қоғоз шаклида амалга оширилмоқда, бу эса ходимнинг, айниқса, пенсия таъминоти ҳуқуқларини расмийлаштиришда меҳнат стажи аниқ ҳисобланишини мураккаблаштиради, шунингдек, аҳоли бандлиги ҳақидаги маълумотларнинг нотўғри кўрсатилишига шароит яратади ва маъмурий бошқарув харажатларини кўпайтиради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги ПФ–5635-сон Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ, шунингдек, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш ва уларнинг меҳнат стажини ҳисоблаш механизмини такомиллаштириш, ижтимоий-меҳнат соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2020 йил 1 январдан қуйидагиларни таъминловчи “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексини (кейинги ўринларда – “ЯММТ” ИДАК) жорий қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:

иш берувчилар ва ходимлар ўртасидаги меҳнат муносабатларини, шу жумладан, меҳнат шартномаларини тузиш, меҳнат шартномаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, уларни тугатиш тартиб-таомилларини электрон рўйхатдан ўтказишни амалга ошириш;

иш берувчиларнинг тузилмаси (штатлар жадвали), шу жумладан, мавжуд ва яратиладиган иш ўринлари, меҳнат шароитлари, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари тўғрисидаги электрон маълумотлар базасини шакллантириш;

ходимнинг меҳнат стажини ҳисоблаш тўғрисидаги маълумотлар, ҳисобланган иш ҳақи ва жисмоний шахсларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш кўринишидаги даромадларига ҳисобланган солиқлар, фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия жамғармаси ҳисобига тўловлар ҳақидаги ахборотга асосланган электрон меҳнат дафтарчасида жисмоний шахсларнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш ва юритиш;

аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишни мувофиқлаштириш даражасини ва унинг самарадорлигини ошириш учун меҳнат бозори кўрсаткичлари ҳолати ва динамикаси тўғрисидаги ахборотлардан иборат маълумотларни идоралараро тизимлаштирилган тарзда ва мунтазам равишда электрон алмашишни жорий этиш;

ходимлар ҳамда ишчиларнинг сон ва сифат таркиби, вакансиялар, шунингдек, ишга жойлашиш учун номзодларга иш берувчилар томонидан қўйиладиган малакавий ва бошқа талаблар тўғрисида автоматик тарзда тўпланадиган холис, шаффоф ва долзарб маълумотларни шакллантириш;

манфаатдор ташкилотларга улар ўз зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни бажариши учун “ЯММТ” ИДАКдан зарурий маълумотларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдим этиш;

меҳнат ресурсларининг, хусусан, меҳнат ресурслари тоифалари, ишга лаёқатли, иқтисодий фаол ва нофаол аҳоли қатламлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари асосида пенсия ёшидаги ишлаётган шахслар ва ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисида ҳар куни янгиланадиган балансини шакллантириш;

меҳнат муносабатлари ва меҳнат муҳофазаси, ишга жойлаштириш дастурлари бўйича ўтказиладиган текширувлар, шунингдек, иш ўринларининг аттестацияси, Меҳнат муҳофазаси соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари ягона реестрига тегишли маълумотларнинг (ахборотларнинг) тўлиқ киритилишиниэкспертизадан ўтказиш натижаларини мониторинг қилиш;

хорижга вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетадиган фуқароларни онлайн рўйхатдан ўтказиш, ташкилий тартибдаги меҳнат миграцияси тўғрисидаги келишувга асосан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхоналари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларида меҳнат миграцияси масалалари бўйича атташе томонидан хорижда ишга жойлаштирилган фуқаролар ҳақида маълумотлар базасини яратиш, шунингдек, ишга жойлаштирилаётган мамлакатда бўлиш қоидалари, меҳнат шароитлари, ижтимоий ва яшаш-турмуш таъминоти, чет эллик иш берувчилар билан тузиладиган меҳнат шартномаларининг ҳуқуқий жиҳатлари, қонунчиликда назарда тутилган молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида онлайн тартибда маълумотлар тақдим этиш имконияти;

меҳнат бозорининг, ҳудудлар, жинс ва ёш омиллари, соҳалар ва мутахассисликлар кесимида ишчи кучига бўлган талаб ва таклифнинг ривожланиш тенденциялари прогнозини шакллантириш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг амалга оширилган ва амалга оширилиши режалаштирилаётган ахборот ресурслари билан интеграциялаш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига меҳнат ва аҳоли бандлиги соҳаларида давлат бошқаруви бўйича юклатилган функцияларни тўла ҳажмда ва тезкорлик билан амалга ошириш.

2. “ЯММТ” ИДАК учун реал вақт режимида маълумотлар базасига кириш имконияти тақдим этиладиган давлат органлари ва ташкилотларининг ҳамда “Электрон ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали идоралараро электрон алоқа воситасида амалга ошириладиган алмашув маълумотлари рўйхати 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Белгилаб қўйилсинки:

а) 2020 йил 1 январдан бошлаб янги меҳнат шартномаларини тузиш, амалдаги меҳнат шартномаларига ўзгартириш киритиш, шунингдек, уларни тугатиш ҳолатларини “ЯММТ” ИДАКда мажбурий рўйхатдан ўтказиш тартиби жорий этилади. Бунда 2020 йил 1 январга қадар тузилган амалдаги меҳнат шартномалари 2020 йил 1 сентябрдан кечиктирмасдан “ЯММТ” ИДАКда рўйхатдан ўтказилиши шарт. Меҳнат шартномаларини “ЯММТ” ИДАКда рўйхатдан ўтказиш белгиланган тартибда иш берувчи томонидан амалга оширилади;

б) 2020 йил 1 январдан бошлаб, рўйхатдан ўтказиладиган меҳнат шартномаларидаги маълумотлар асосида “ЯММТ” ИДАКда автоматик тарзда шакллантириладиган ходимнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олувчи электрон меҳнат дафтари жорий этилади;

в) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги “ЯММТ” ИДАКнинг балансда сақловчиси ҳисобланади;

г) “ЯММТ” ИДАКдан фойдаланиш барча юридик ва жисмоний шахслар учун бепул ҳисобланади. “ЯММТ” ИДАКни ишлаб чиқиш, кузатиб бориш, таъминлаш ва такомиллаштириш Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси (кейинги ўринларда – Бандликка кўмаклашиш жамғармаси) ҳисобидан амалга оширилади.

4. Ходимнинг меҳнат стажи, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунига мувофиқ пенсия тайинлашда ходим томонидан амалга ошириладиган меҳнат фаолияти даврига асосан:

2020 йил 1 январдан сўнг – “ЯММТ” ИДАКда мавжуд маълумотлар асосида (қонун ҳужжатларида белгиланган алоҳида ҳоллардан ташқари);

2020 йил 1 январга қадар – “ЯММТ” ИДАК жорий қилингунгача ўрнатилган тартибда белгилансин.

5. “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексини (“ЯММТ” ИДАК) жорий қилиш ва ундан фойдаланиш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро ишчи гуруҳи (кейинги ўринларда – Идоралараро ишчи гуруҳи) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

6. Қуйидагилар Идоралараро ишчи гуруҳининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

“ЯММТ” ИДАКни ишлаб чиқиш, жорий қилиш, фойдаланиш ва ривожлантириш бўйича вазирлик ва идоралар фаолиятини ҳамда унинг “Электрон ҳукумат” тизимига интеграциялашувини мувофиқлаштириш;

“ЯММТ” ИДАКни ривожлантириш ва такомиллаштириш, меҳнат муносабатлари субъектларининг ахборот эҳтиёжларини қондириш мақсадида “ЯММТ” ИДАК орқали кўрсатиладиган электрон давлат хизматлари рўйхатини кенгайтириш ва сифатини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

меҳнат муносабатларини расмийлаштиришни электрон шаклга янада кенгроқ ўтказиш бўйича ташкилий тадбирларни, шу жумладан, “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

7. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида “ЯММТ” ИДАКни бошқариш дирекцияси (кейинги ўринларда – Дирекция) ташкил этилсин.

8. Дирекция зиммасига қуйидаги асосий вазифалар юклатилсин:

иш берувчилар томонидан меҳнат шартномаларининг ўрнатилган тартибда рўйхатдан ўтказилишини мониторинг қилиш, меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказишда иш берувчилар ва ходимларга техник ёрдам кўрсатиш, шу жумладан, тегишли маълумотларни киритиш ва олиш учун зарур аппарат воситаларини тақдим этиш;

“ЯММТ” ИДАКни қўллаш, электрон меҳнат дафтарчасини шакллантириш ва жорий қилиш, ходимнинг меҳнат стажи тўғри ҳисобланишини таъминлаш жараёнида юзага келадиган барча масалалар бўйича иш берувчиларга техник ва ахборот кўмагини тақдим қилиш, шунингдек, “ЯММТ” ИДАК фойдаланувчиси ҳисобланган фуқароларга ахборот кўмагини кўрсатиш;

“Электрон ҳукумат” тизимига кирувчи ахборот тизимлари билан “ЯММТ” ИДАК маълумотларини алмашиш масалалари бўйича идоралараро ҳамкорликни ташкиллаштириш;

“ЯММТ” ИДАКдан самарали ва ишончли фойдаланиш, иш берувчилар ва ходимлар шахсий маълумотларининг ахборот хавфсизлиги ва махфийлигини таъминлаш;

жорий этилаётган меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш ва электрон меҳнат дафтарчаларини юритиш тартибини тушунтириб берувчи, “ЯММТ” ИДАКни ривожлантириш ва такомиллаштириш истиқболлари ҳақида материаллар тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларида чоп этиш, телерадиоканалларда махсус телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар ташкил қилиш.

9. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:

ҳар йили Бандликка кўмаклашиш жамғармасининг харажатлар сметасида “ЯММТ” ИДАКни таъминлаш, ривожлантириш, такомиллаштириш, самарали ишлаб туриши ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун маблағларни назарда тутсин;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда “ЯММТ” ИДАКнинг ишлаб чиқилаётган Давлат фуқаролик хизматининг ягона электрон ахборот-таҳлил тизими билан интеграциялаштиришни назарда тутсин;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда “ЯММТ” ИДАКни солиқ хизмати органларининг ахборот тизимлари билан интеграциялаштириш орқали ходимларнинг меҳнат фаолияти тўғрисида “ЯММТ” ИДАКда акс этувчи маълумотларнинг ҳисобланган иш ҳақини шахсий ҳисобга олиш марказлаштирилган электрон реестри маълумотлари билан тўғри келишини талабнома асосида текширишни (верификациялашни) доимий асосда таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий аттестация комиссияси ва республикадаги олий таълим муассасалари билан биргаликда икки ой муддатда олий маълумот тўғрисидаги дипломлар, илмий даража тўғрисидаги ҳужжатлар, шунингдек, хорижий олий таълим муассасасидан олинган олий маълумот ёки илмий даража тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ҳақида гувоҳномалар берилган жисмоний шахсларнинг электрон маълумотлар базасини шакллантирсин ва уни “ЯММТ” ИДАК билан интеграциялаштиришни таъминласин.

11. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий аттестация комиссияси тайёрланган, тақсимланган, бузилган ва берилган олий маълумот тўғрисидаги дипломлар, илмий даража тўғрисидаги ҳужжатлар, шунингдек, хорижий олий таълим муассасасидан олинган олий маълумот ёки илмий даража тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ҳақида гувоҳномалар бланклари тўғрисидаги батафсил маълумотни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига мунтазам равишда киритиб боради, диплом олган жисмоний шахсга берилган бланк унинг шахсий идентификация рақамига бириктириб қўйилади.

12. Белгилаб қўйилсинки, меҳнат шартномаларини, амалдаги меҳнат шартномаларига ўзгартиришларни, уларнинг тугатилишини “ЯММТ” ИДАКда ўз вақтида рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, электрон меҳнат дафтарчасини шакллантириш учун масъулият иш берувчи зиммасига юклатилади.

13. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг жисмоний шахсларга ихтиёрий равишда ўтган даврдаги ишга жойлашганлик тўғрисидаги маълумотларни мустақил тарзда “ЯММТ” ИДАКга киритиш ҳуқуқини бериш, бунда жисмоний шахслар ихтиёрий равишда киритган маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси органлари томонидан мажбурий верификацияланишини (тасдиқланишини) назарда тутиш тўғрисидаги таклифи қўллаб-қувватлансин.

14. Иш берувчилар ва жисмоний шахсларни тўлиқ қамраб олган ҳолда “ЯММТ” ИДАКни жорий этишни самарали мувофиқлаштириш мақсадида:

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги марказий аппарати Меҳнат стандартлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш бошқармаси бошқарув ходимларининг штатлари сони 16 нафарга оширилсин;

Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармаларида бошқарув ходимларининг умумий сони 84 нафардан иборат бўлган меҳнат стандартлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш бўлимлари ташкил этилсин.

Белгилансинки, юқорида кўрсатилган умумий сони 100 нафардан иборат бошқарув ходимлари штатлари туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларидаги касбий қайта ўқитишни ташкил этиш шўъбаси мутахассислари лавозимини 0,5 ставкага қисқартириш ҳисобига киритилади.

15. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг ишлаб чиқилаётган янги таҳрири лойиҳасида мазкур қарорда келтирилган меъёрларни назарда тутсин;

бир ой муддатда Дирекциянинг таъсис ҳужжатлари ва тузилмасини ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласин;

уч ой муддатда Дирекцияни, шу жумладан, юқори малакали хорижий мутахассислар ва чет элдаги етакчи таълим муассасаларини тамомлаган республикамиз фуқаролари орасидан билим ва кўникмага эга профессионал мутахассислар билан тўлдиришни таъминласин.

16. Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан келишилган ҳолда, Дирекция тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ва ходимларнинг чекланган умумий сонини белгилаш, шу жумладан, зарур ҳолларда Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қўшимча штат бирликларини киритиш;

меҳнат бозоридаги ҳақиқий ҳолатни ҳисобга олган ҳолда Меҳнат органлари ходимлари меҳнатини рағбатлантириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш жамғармасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига шартнома асосида тор доирадаги мутахассисларни Дирекцияда ишлаш учун жалб этиш.

17. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

икки ҳафта муддатда мазкур қарор талабларини ҳисобга олган ҳолда “ЯММТ” ИДАКни жорий қилиш ва унинг кейинчалик самарали ишлашини таъминлаш бўйича ташкилий чора-тадбирларни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини;

бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни;

икки ой муддатда “ЯММТ” ИДАК тизимида меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказмаганлик ва электрон меҳнат дафтарчасига маълумотлар киритмаганлик учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

18. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда “ЯММТ” ИДАКдан фойдаланган ҳолда меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш ва меҳнат стажининг ҳисобини электрон шаклда юритиш тартиби ва жорий қилинаётган механизмларнинг афзалликларини аҳоли ва иш берувчилар ўртасида мунтазам равишда ва ҳар томонлама ёритишни таъминласин.

19. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Ш.Д.Кудбиев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев

Тошкент шаҳри, 2019 йил 31 октябрь


Мақола муаллифи

Теглар

қарор меҳнат дафтарчаси

Баҳолаганлар

45

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made