2019 йилдаги парламент сайловида асл рақобат бўлмади – ЕХҲТ

Жамият

image

Ўзбекистонда 2019 йил ўтказилган парламент сайловлари такомиллаштирилган қонунчилик ва мустақил фикрларга чидамлилик билан ўтказилди. Бироқ асл рақобатни намойиш қилиш ва сайловдаги процедураларга тўлиқ риоя қилишга эришилмади. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ЕХҲТ ДИИҲБ) 2019 йилнинг 22 декабрь куни ўтказилган сайлов юзасидан якуний ҳисоботида шундай дейилади.

Якуний хулосада Ўзбекистондаги парламент сайловлари ўтказилаётган ислоҳотлар ва кўп сонли фуқаролар ташаббуслари учун имкониятни кенгайтиришда давом этиш кераклигини кўрсатгани таъкидланган.

Бу ҳужжатда Ўзбекистонда сайловлар ўтказишни келажакда янада яхшилаш учун 32 та тавсия берилган. Уларда сайлов ўтказиш талабларини ЕХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг демократик сайлов бўйича мажбурият ва стандартларига мослаштиришга чақирилган.

Асосий тавсиялар қуйидагилардан иборат:

•    сиёсий партияларнинг тузилиши ва фаолиятига тўсқинлик қилувчи номутаносиб ва дискриминацион (камситувчи) ҳуқуқий нормаларни бекор қилиш;

•    уюшмалар эркинлиги тўғрисидаги қонунларни шарҳлаш ва амалга ошириш плюрализмни ривожлантиришга ёрдам беради;

•    сиёсий ва фуқаролик бирлашмалари, йиғилишлар ва сўз эркинлиги тўғрисидаги қонунларни демократик тамойилларга мослаштириш;

•    сўз эркинлигини тўлиқ ҳимоя қилиш ва журналистлар учун маъмулотлардан тенг фойдаланишни таъминлаш учун оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунларни қайта кўриб чиқиш;

•    фуқаролик бирлашмалари ва нодавлат ташкилотларга сайлов жараёнини мустақил ўрганиш ҳуқуқини бериш;

•    ҳар бир округ ва сайлов участкаси бўйича сайловларнинг дастлабки ва якуний натижаларини ўз вақтида эълон қилиш орқали шаффофликни ошириш;

•    бир сайловчининг бир неча марта ва бошқа бировнинг ўрнига овоз бериши каби сурункали ва жиддий муаммога барҳам бериш бўйича ҳаракатларни  кучайтириш;

•    овозларни ҳисоблаш жараёнида ҳалоллик ва содиқни таъминлаш;

•    сайлов натижаларини онгли равишда қалбакилаштирганларни таъқиб қилиш.

Шунингдек, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни ратификация қилиш ва муомалага лаёқатсиз шахсларга овоз бериш ҳуқуқини тақдим этиш, сайловолди ташвиқоти даврида ташвиқот митингларини ўтказиш учун рухсат бериш тартибини бекор қилиб, ўрнига хабардор қилиш тартибини ўрнатиш, партиялар ва номзодларни хусусий маблағлардан молиялаштиришга рухсат бериш, партияларнинг молиявий ҳисобдорлик тизимини такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилди.

Эслатиб ўтамиз, ЕХҲТ ДИИҲБ 2019 йилнинг 25 ноябрь куни Ўзбекистондаги сайловларни кузатиб бориш учун миссиясини жўнатганди.


Мақола муаллифи

Теглар

сайлов ЕХҲТ

Баҳолаганлар

38

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг