200 000 сўмлик банкнот нега чиқарилди? МБ раиси жавоб берди

Жамият 39160
image
-

Ўзбекистон Марказий банки 200 минг сўмлик банкнотни инфляция сабаб эмас, одамларга қулайлик яратиш мақсадида режалаштирилган вақтдан илгарироқ муомалага чиқарган. Бу ҳақда МБ раиси Мамаризо Нурмуротов бугун, 21 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтди.

“Одамлар орасида 200 минг сўмлик чиқди, аммо бу билан инфляцияни тўхтатиб бўлмайди деган гаплар тарқалмоқда. Биз 200 минг сўмликни инфляцияни тўхтатиш учун ёки банкоматлар учун чиқарганимиз йўқ, 200 минг сўмликни чиқарганимиздан асосий мақсад одамларга қулайлик яратиш. Яъни умумэътироф етилган нақд пулнинг ўзининг қоидалари бор. Энг йирик банкнота ўртача ойликнинг камида 30-40 фоизга тенг бўлиши керак. Айрим давлатларда 50 фоиз”, дейди Марказий банк раиси.

Бундан ташқари, Мамаризо Нурмуротовга кўра, пул чиқаришда аҳолининг ўртача харид суммаси ҳам инобатга олинган. Шунингдек, мамлакат ҳудудида жами муомаладаги банкнотлар миқдори ҳисоблаб чиқилган. Шу сабаб 200 минг сўмлик банкнотни муддатдан илгарироқ чиқарилган.

“Биз муомаладаги жами банкноталари сонини ҳам мониторинг қилиб борамиз. Нақд пул банкноталари сони икки йил аввал жон бошига 370 донага тўғри келар эди. Бугун эса бу сонни 70 дона атрофига туширдик. Бундан мақсад одамларга қулайлик яратиш. Чегаралаш ёки бошқа мақсадлар йўқ”, дейди Марказий банк раиси.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 июлидан бошлаб Ўзбекистонда янги кўринишдаги номинал қиймати 200 000 сўм бўлган банкнот шаклида пул белгилари муомалага чиқарилди. 

Маълумот учун, жорий йилнинг июль ойида Ўзбекистонда муомалада бўлган нақд пуллар миқдори 40 трлн 512 млрд сўмни ташкил қилмоқда. Миллий валютадаги пул массаси миқдори ўтган ойга нисбатан қарийб 5,4 трлн сўмга кўпайган ва 113,6 трлн сўмга етган.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1013
Рейтинг: 3
t
×