20 йиллик музокаралардан сўнг ЕИ ва Ҳиндистон тарихий битимни якунлади (видео)

Олам

image

20 йиллик музокаралардан сўнг Европа Иттифоқи (ЕИ) ва Ҳиндистон тарихий савдо битимини якунлади. Ушбу битим Ҳиндистонга дунёдаги энг йирик ва ҳимояланган бозор ҳисобланган, 27 давлатдан иборат ЕИ билан эркин савдо қилиш имконини беради. Бу ҳақда бугун, 27 январь куни Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди маълум қилди. 

Модининг сўзларига кўра, келишув дунё бўйлаб “барча битимларнинг онаси” сифатида баҳоланмоқда. Ушбу битим Ҳиндистоннинг 1,4 миллиард аҳолиси ҳамда Европадаги миллионлаб инсонлар учун улкан имкониятлар яратади.

Шунингдек, Моди мазкур келишув глобал ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 25 фоизини ва жаҳон савдосининг учдан бир қисмини қамраб олишини таъкидлаган. Битим тафсилотлари Нарендра Моди ва Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен томонидан Нью-Деҳлида бўлиб ўтадиган Ҳиндистон–Европа Иттифоқи саммитида расман эълон қилиниши кутилмоқда.

Маълумотларга кўра, Ҳиндистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо ҳажми 2025 йил март ойигача бўлган молиявий йилда 136,5 миллиард долларни ташкил этган.

Ушбу келишув Европа Иттифоқининг ўтган йили Индонезия, Мексика ва Швейцария билан тузган битимларидан, шунингдек, Жанубий Американинг MERCOSUR блоки билан эришилган муҳим келишувдан кейин имзоланди. Шу даврда Ҳиндистон ҳам Буюк Британия, Янги Зеландия ва Уммон билан савдо шартномаларини якунлаган.

АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Гренландия масаласи бўйича баёнотлари ва Европа давлатларига тарифлар жорий этиш таҳдидлари Ғарб давлатлари ўртасидаги анъанавий иттифоқларга босим ўтказаётган бир пайтда, ушбу келишувлар Қўшма Штатларга иқтисодий жиҳатдан камроқ боғланишга қаратилган глобал ҳаракатларни акс эттиради. Трамп Ҳиндистондан импорт қилинадиган маҳсулотларга 50 фоизлик тариф жорий этган, оқибатда Ҳиндистон-АҚШ савдо битими ўтган йили музокаралар узилиши сабабли амалга ошмай қолган.

Ҳиндистон ҳукумати расмийларининг билдиришича, Ҳиндистон-Европа Иттифоқи савдо битимининг расмий имзоланиши ҳуқуқий текширувлар якунлангач, тахминан беш-олти ой ичида амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда Трамп Ҳиндистон билан савдо битимидан воз кечгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Европа Иттифоқи Ҳиндистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг