20 йиллик муҳаббат. 53 яшар Женнифер Лопес “Бэтмен”га турмушга чиқди

Маданият-санъат 24431
image

Жаҳон эстрадаси юлдузи хонанда ва актриса Женнифер Лопес, актёр Бен Аффлекга турмушга чиқди. Жуфтликнинг никоҳ маросими жорий йилнинг 16 июль куни АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида бўлиб ўтди. Жениффер Лопес ушбу маълумотларни бугун, 18 июль куни ўзининг шахсий “OnTheJLo” веб-сайтида хабар ва эксклюзив фотосуратлар билан тасдиқлаган.

“Биз буни уддаладик, севги ажойиб, севги – бу яхшилик, севги – бу сабр. Биз хоҳлаган воқелик амалга ошди. Биз ўтган тунда Лас-Вегасга учиб келдик. Никоҳ шартномаси учун бошқалар сингари навбатда турдик. Биздан олдинда яна тўртта бахтли жуфтлик дунёнинг севги пойтахти Лас-Вегасга келишган эди. Биз бир-биримизга умримизни охирига қадар тақиб юришимиз учун никоҳ узукларини туҳфа қилдик. Бу тасаввур қилганимиздек энг яхши тўй бўлди. Биз буни анча аввалдан орзу қилганмиз”, дея қайд этган жаҳон эстрадаси юлдузи. Шунингдек, у, ўз мактуби сўнгида фамилиясини Лопес эмас балки, Линн Аффлек дея қайд этган.

Маълумот учун, жуфтликнинг севги тарихи 2002 йилга бориб тақалади. Улар ўртасидаги муҳаббат ижодга ҳам уланиб, 2003 йилнинг апрель ойида премьераси бўлиб ўтган “Жилли” фильмида бош ролларни ижро этишган. Ҳатто, Женнифер Лопес ва Бен Аффлекнинг тўйи санаси 2003 йилнинг 14 сентябрига белгиланган ҳам эди. Аммо тўйгача уларнинг муносабатига  дарз кетиб, жуфтлик ажралганди.

2004 йил Женнифер Лопес актёр ва хонанда Марк Энтони билан оила қуради. Женнифер 2008 йилнинг 22 февраль куни ушбу турмушидан Макс ва Эмми исмли эгизак фарзандлар дунёга келтирган. Бен Аффлек эса 2005 йил июнда актриса Женнифер Гарнер билан оила қуради. Жуфтлик Вайолет (2005 йил, декабрда) ва Сэмюэл (2012 йил) исмли ўғил, Серафин Роуз Элизабет (2009 йил) исмли қиз кўришади. Аммо 2015 йилда Аффлек ва Гарнернинг севги тарихи ўз поёнига етган.

Маълумот ўрнида, куёв бўлмиш Бен Аффлек икки карра “Оскар” мукофоти соҳиби бўлиб, ўзбекистонлик кино ихлосмандлари учун у қадар бегона эмас. У 2016 йилда катта экранларга чиққан “Бэтмен Суперменга қарши”, “Ўлимга маҳкум этилганлар”, 2017 йилда премьера қилинган “Адолат лигаси”, 2021 йилда ишланган “Зак Снайдернинг Адолат лигаси” ва келгуси йилда премьера қилишини кутилаётган “Флеш” фильмларининг барида “ Бэтмен” образини гавдалантирган.

Эслатиб ўтамиз, Женнифер Лопес-Аффлек жорий йилнинг 24 июль куни 53 ёшни қаршилайди, Бен Аффлек эса 15 август куни 50 ёшга тўлади.

Улуғбек Худойберганов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 855
Рейтинг: 3
t
×