20 йил деганда Афғонистондан кетаётган АҚШ “Толибон”га қанча қурол “қолдиргани“ маълум бўлди
Олам
−
28 Август 2021
14913АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси аъзоси ва Ҳарбий-денгиз флотининг собиқ қўриқчиси Жим Бэнкснинг маълум қилишича, “Толибон” мамлакатнинг 85 миллиард долларлик ҳарбий техникасини ўзлаштириб олган. Бу ҳақда сиёсатчи Twitter’даги саҳифасида маълум қилди.
Бэнкснинг таъкидлашича, Aфғонистонда қолган кўплаб техника ва қуроллар орасида 75 мингта машина, 200 та самолёт ва вертолёт, шунингдек, 600 минг дона қурол бор. Ҳозирда жангарилар 85 фоиз дунё мамлакатларидан кўра кўпроқ Black Hawk вертолётларига эга.
“Aгар бу қуроллар ҳозир ёки келажакда америкаликларга зарар етказиш ёки ўлдириш учун ишлатилса, қон Жо Байденнинг қўлида бўлади”, деб қўшимча қилган конгрессмен.
Бундан аввал, Aфғонистондаги Британия қўшинларининг собиқ қўмондони, полковник Ричард Кемп “Толибон” қўлида қурол-яроғларнинг кўплиги хавотирга солаётганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, “Толибон” кўплаб расмий давлат қўшинларига қараганда яхшироқ қуролланган.
20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ
2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. Бу жараён жорий йилнинг 31 август куни якунланади.
Афғонистондаги давлат тўнтариши
Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.
LiveБарчаси