1998 йилдан буён илк бор демократ Аляска губернатори этиб сайланди

World

−

image

Демократ Жонатан Крайсс-Томкинс Аляска губернаторлиги сайловларида ғалаба қозонди. Бу ҳақда “The Hill” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, Жонатан Крайсс-Томкинс Республикачилар партиясидан бўлган бирданига уч нафар рақибини, жумладан, АҚШ президенти Дональд Трамп шахсан қўллаб-қувватлаган Бернадетт Уилсонни ортда қолдиришга муваффақ бўлган.

CBS News телеканалига кўра, Аляска 1998 йилдан бери биринчи марта Демократик партия вакилини губернатор этиб сайлаган. Штат қонун чиқарувчи мажлисининг собиқ депутати демократ Жонатан Крайсс-Томкинс 50 фоиздан ортиқ овоз тўплаган, унинг асосий рақибаси – консерватив фаол Бернадетт Уилсон эса сайловчиларнинг тахминан 28 фоиз овозига эга бўлган. Бундан ташқари, пойгада Анкорижнинг собиқ мэри республикачи Дэйв Бронсон ва штатнинг собиқ бош прокурори Трег Тейлор ҳам иштирок этган.

Консерватив “Fox News” телеканали 2026 йилги Аляска губернаторлиги сайловлари амалда республикачилар ўртасидаги ўзаро низога айланиб кетганини таъкидламоқда. Амалдаги республикачи губернатор Майк Данливи кетма-кет икки муддатдан сўнг учинчи марта ўз номзодини қўя олмас эди, шу боис маҳаллий консерватив сиёсатчилар орасида унинг ўрнини эгаллаш ҳуқуқи учун кескин кураш бошланган. Маҳаллий республикачилар баҳсига Дональд Трамп ҳам фаол аралаша бошлаган. У номзодлар орасида энг консерватив бўлган Уилсонни қўллаб-қувватлаган ва бошқа партиядошларини электоратни парчалашда айблаб, омма олдида танқид қила бошлаган.

Сайловларга бир ҳафта қолганида Крайсс-Томкинсни Аляскадан АҚШ сенатори республикачи Лиза Мурковски қўллаб-қувватлаган. У ўз қарорини демократ номзод “самарали бошқарув турли қарашларга эга одамларга қулоқ солиш ва муаммоларни ҳал қилиш учун умумий нуқталарни топиш қобилиятини талаб қилишини тушуниши” билан изоҳлаган. Шунингдек, унинг номзодини Алясканинг уч нафар собиқ губернатори: демократ Тони Ноулз, мустақил сиёсатчи Билл Уокер ва республикачи Фрэнк Мурковски (Лиза Мурковскининг отаси) қўллаб-қувватлаган.

Аляскада рейтингли овоз бериш тизими амал қилади. Сайловчилар бюллетенда номзодларни даражалар бўйича – биринчи, иккинчи, учинчи танлов ва ҳоказо тартибда жойлаштиради. Дастлаб “биринчи танлов” сифатида номзодларга берилган овозлар ҳисобга олинади. Агар ҳеч ким 50 фоиздан ортиқ овоз тўплай олмаса, энг кам овоз олган номзод пойгадан чиқади ва унинг тарафдорлари бюллетенлари ушбу бюллетенларда “иккинчи танлов” сифатида кўрсатилган қолган номзодлар фойдасига қайта тақсимланади. Бу жараён номзодлардан бири 50 фоизлик довондан ўтгунига қадар давом этади.

2026 йил 3 ноябрь куни бўлиб ўтган оралиқ сайловлар давомида демократлар илгари республикачилар бошқарувида бўлган олтита штатда, жумладан, шу пайтгача Республикачилар партиясининг асосий таянчи ҳисобланиб келинган Техасда ҳам губернаторлик лавозимларини қўлга киритишга муваффақ бўлди. Эндиликда 50 та штатдан 30 тасига демократ губернаторлар раҳбарлик қилмоқда, яна 20 та штат эса республикачилар бошқаруви остида қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Жоржия штатида губернаторлик сайловида Демократик партия вакили Кейша Лэнс Боттомс ғалаба қозонганди. У мамлакат тарихида штат губернатори этиб сайланган илк қора танли аёл бўлди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends