17 йиллик танаффусдан сўнг Фарғона аэропортидан хорижга юк юборилди. Илк жўнатма – 50 тонна гилос

Жамият 6080
image

50 тонна гилос маҳсулоти 1 июнь куни Фарғона халқаро аэропортидан Кореянинг Сеул халқаро аэропортига тўғридан-тўғри етказилиши таъминланди. Бу 17 йил ичида илк бор вилоят халқаро аэропортидан хорижга жўнатилган юк ҳисобланади. Бу ҳақда Ўзбекистон транспорт вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, пандемия шароитда мамлакатимизда етиштирилган маҳсулотлар экспорти ҳажмини ошириш бу орқали эса аҳоли даромадларининг кескин камайиб кетишининг олдини, қўшимча ишчи ўринларини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Карантин даврида тадбиркорлар ва экспортёрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга амалий кўмак бериш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, транспорт вазирлигида ташкил этилган экспортга кўмаклашиш штаби томонидан тадбиркорлардан келиб тушаётган мурожаатлар тезкорлик билан ўрганилиб, мавжуд муаммолар жойида ҳал этилиши натижасида хорижий харидорларга сифатли маҳсулотларни ўз вақтида етказиб бериш таъминланмоқда.

Жумладан, Фарғона вилоятидан хорижга ҳўл мевалар экспорти билан шуғулланаётган "RTL logistics", "UZ-Segong", "XinFergana" корхоналари томонидан бўлган мурожаатлар ва ушбу корхоналарнинг фаолияти Транспорт вазирлигининг аэропортларни ривожлантириш ва ер усти таъминоти бошқармаси мутахассислари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди.

"Экспортёр корхоналар вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда ҳўл меваларни Фарғона вилоятидан Қамчиқ довони орқали Тошкент халқаро аэропортига юк машиналарида етказиб бориш жараёнидаги қийинчиликлар, қолаверса, ушбу жараён транспорт харажатларининг ортиб кетишига бу эса ўз навбатида экспортга юборилаётган маҳсулотлар нархининг кўтарилишига сабаб бўлаётгани туфайли ушбу ҳудуднинг ўзидан юк авиақатновларини ташкил этиш масаласи ўрганиб чиқилди.

Экспортёр корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга қулай шарт-шароитларни яратиб бериш мақсадида"UZ-Segong" ва "XinFergana" корхоналари томонидан экспорт учун тайёрланаётган 50 тонна гилос маҳсулоти 1 июнь куни Фарғона халқаро аэропортидан Кореянинг Сеул халқаро аэропортига тўғридан-тўғри етказилиши таъминланди", дейилади хабарда.

Таъкидланишича, мазкур жараённи муваффақиятли амалга ошириш мақсадида, Наманган халқаро аэропортидан ҳаво кемаси саҳнига юкларни ортиш учун ишлатиладиган махсус техника воситалари ҳамда Тошкент халқаро аэропортидан эса махсус европаддонлар Фарғона халқаро аэропортига олиб келинди. Ҳаво кемаси етиб келгунига қадар эса аэропортнинг юк ташувлари бўлими ходимларига махсус техникадан фойдаланиш ва юк ташиш ҳаво кемасига юкларни ортиш машғулотлари ўтказилди.

Барча ташкилий масалалар муваффақиятли амалга оширилиб, 50 тонна гилос маҳсулотини Сеул шаҳрига юбориш амалиёти омадли якунланди. Шундай қилиб водийлик экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиш ҳамда уларнинг вилоятлараро юк ташиш борасида юзага келаётган муаммоларини бартараф этиш ва хорижга тўғридан-тўғри Фарғона халқаро аэропортидан юкларни юбориш имкони яратилди.

Нуруллоҳ Шарипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 119
Рейтинг: 3
t
×