17 яшар қиз зилзиладан 10 кун ўтиб қутқариб олинди
Олам
−
16 Февраль 2023
6246Туркиянинг Қаҳрамонмараш вилоятида 17 ёшли қиз ҳалокатли зилзиладан 248 соат ўтиб қутқариб олинди. Табиий офат ҳудудида қидирув-қутқарув ишлари 11 кундирки давом этмоқда.
Алейна Олмез исмли қиз Қаҳрамонмараш шаҳрининг Каябоши маҳалласида турар-жой биноси вайроналари остидан қутқариб олинган. Биринчи тиббий ёрдамдан кейин шифокорлар уни шифохонага юборган.
Қизни қутқаришда қатнашган Сакарьялик қутқарувчилардан бири Ҳажар Атлас “Анадолу” агентлиги мухбири билан суҳбатда гуруҳ аъзолари узоқ ва машаққатли меҳнатдан сўнг Алейнани қутқариб олганини билдирди.
“Биз қиз билан доимо алоқада бўлиб турдик. Аввалига унинг қўлидан ушлаб, кейин уни бутунлай қутқаришга муваффақ бўлдик. У яхши, у мулоқот қила олади. Умид қиламанки, фалокат ҳудудидан бундай хушхабар келиши давом этади”, дейди Атлас.
Эслатиб ўтамиз, 6 феврал эпимаркази Қаҳрамонмарашда 7 баллдан ортиқ (маҳаллий вақт билан соат 04:17 да – 7,7 балл ва 13:24 да – 7,6 балл) эпимаркази бўлган иккита зилзила содир бўлди.
Президент Ражаб Тойиб Эрдўған Туркияда табиий офат қурбонлари муносабати билан етти кунлик миллий мотам эълон қилди. Туркия давлат байроқлари бутун мамлакат бўйлаб яримга ҳилпиратилди.
Вайронкор зилзила қўшни мамлакатларда, жумладан Сурия, Ливан, Шимолий Кипр Турк Республикаси, Кипр Республикаси ва Ироқда ҳам сезилди.
Айни вақтда Туркиядаги зилзилада қурбон бўлганлар 36 187 нафарга етди. Шунингдек, 108 068 киши жабрланган, 216 347 киши эвакуация қилинган.