16 йилда камида 14 минг бола зўрланган – UNICEF болалар бўйича аянчли ҳисобот тақдим этди

Олам 5107
image

2005-2020 йиллар давомида дунёда Африка, Осиё, Яқин Шарқ ва Лотин Америкасининг 30 та давлатида қуролли қарама-қаршиликларда яшаётган болалар ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилиши билан боғлиқ 250 мингта ҳолат аниқланган. Бу ҳар куни 70 дан ортиқ қоидабузарликлар деганидир. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (UNICEF)нинг янги ҳисоботида айтилади. 

Ҳисобот муаллифларининг қайд этишича, болалар ҳамон замонавий қуролли тўқнашувларнинг асосий қурбонлари бўлиб қолмоқда: улар аскарликка жалб қилинади, бомбардимон ва ўқ отиш натижасида ҳалок бўлади, миналарда портлатилади. 

Болалар эксплуатация қилинади, жинсий қул сифатида фойдаланилади ва террористик ҳужумларда иштирок этади. Шифохона ва мактабларга қилинган ҳужумлар туфайли болалар ўқиш ва даволаниш имкониятидан маҳрум. Улар ўз уйларини тарк этишга ва хавфсиз бошпана излашга мажбур бўлишади, лекин улар ҳар доим ҳам натижага эриша олмайди. 

UNICEF’нинг янги ҳисоботида 2005 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда 104 100 дан ортиқ бола можароларда ҳалок бўлгани ёки жароҳат олгани айтилади. 93 мингдан ортиқ болалар аскарликка жалб қилинган. Қуролли можаролар иштирокчилари томонидан камида 25 700 нафар бола ўғирлаб кетилган, камида 14 200 нафар бола зўрланган, никоҳга мажбурланган, жинсий эксплуатация қилинган ва жинсий зўравонликнинг бошқа оғир шаклларини бошдан кечирган. БМТ мактаб ва шифохоналарга 13 900 дан ортиқ ҳужум уюштирилганини тасдиқламоқда.  

"Ҳар куни можаро зоналарида яшовчи қизлар ва ўғил болалар сўзлаб бўлмайдиган даҳшатларни бошдан кечиришади", дейди фавқулодда вазиятларда болаларни ҳимоя қилиш бўйича катта маслаҳатчи Таша Гилл Женевада бўлиб ўтган брифингда. 

Унинг айтишича, 2005 йилдан 2020 йилгача Ташкилот можаролардан жабрланган 30 та мамлакат ва ҳудудларда болалар ҳуқуқларининг жиддий бузилиши ҳақидаги жами 250 000 дан ортиқ хабарларни текширган. 

"Гап ҳайратланарли рақам ҳақида кетмоқда – болалар ҳуқуқларининг жиддий бузилиши кунига 71 марта содир бўлади", дейди у. 

Ҳисоботда сўнгги 16 йил ичида зиддиятли вазиятларда болалар ҳуқуқларининг жиддий бузилиши ҳақидаги маълумотлар келтирилган. Булар даъво қилинган суиистеъмолликларнинг фақат баъзилари, чунки маълумот тўплаш ва ҳисоботларни текширишга кўпинча хавфсизликнинг йўқлиги, шунингдек, зўравонликни бошдан кечирган болалар ва оилаларнинг уят, оғриқ ва қўрқув туфайли бу ҳақида гапирмаслиги тўсқинлик қилади. 

UNICEF катта маслаҳатчиси Афғонистон, Исроил ва Фаластин давлати, Сурия, Яман ва Сомалига кўриб чиқилаётган даврда болалар ўлими ва жароҳатлари тасдиқланган ҳолатларнинг 82 фоизи тўғри келганини таъкидлади. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 66
Рейтинг: 3
Теглар
t
×