15 йиллик сир: Андижон воқеаларида тинч аҳолига ўқ узилган

Интервью

Андижон воқеаларида тинч аҳолига ўқ узилганми? – Светлана Ортиқова билан суҳбат north_east

Андижон воқеаларида тинч аҳолига ўқ узилганми? – Светлана Ортиқова билан суҳбат

Аввалроқ, QALAMPIR.UZ Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова билан суҳбатлашгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу суҳбатда журналист Қамариддин Шайхов Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқовага 2005 йилнинг 13 май куни Андижонда юз берган қонли воқеаларда мамлакат Қуролли кучлари ва куч ишлатар бошқа тузилмалар тинч аҳолига ўқ узганми, деган савол билан юзланди. Ўзбекистон тарихида илк бор расмий лавозим эгаси 15 йил аввал рўй берган воқеаларда ҳақиқатан ҳам тинч аҳоли вакилларига ўқ узилганини айтди. 

Суҳбат қуйидагича бўлганди: 

Қамариддин Шайхов: — Мен сизни 2005 йилда таниганман. Ўшанда халқаро оммавий ахборот воситаларига чиқиб, Андижон воқеалари ҳақида интервю бергандингиз. Кичик жуссангизга катта юкни олдингиз, ОАВга сиз юзландингиз. Ишнинг бошида бўлган раҳбарлар ОАВдан узоқ турди. Келинг, бугун бу воқеаларни энг бошидан, ўша сизга тунда бўлган қўнғироқдан бошлаб эсласак. 

Светалана Ортиқова: — Албатта, ўша вақтда жуда қийин аҳвол бўлган. Ҳозир бу воқеаларни эсласам, эркак киши бўлсангиз ҳам йиғлаб юборасиз. 

Ўша куни Бош прокурордан уч кунга рухсат олдим. Қизим билан ота-онамни кўргани Учқўрғонга кетаётган эдик. Наманганга қўнғироқ қилиб, такси юборишларини сўрадим. Шу кеча қизим ҳам, мен ҳам ухламай таксини кутдик. Соат 2 ё 3 атрофида такси келди. Нарсаларни автомобилнинг юкхонасига жойлаштирдик. Кетаётиб яна газни “свет”ни ўчирай деб уйга кирдим. Шу вақт телефон жиринглади. Кўтарсам, навбатчи “Андижон портлади, “боевая тревога”, ҳамма ишга”, деди. Болам қий-чув, тўпалон қилди. Қани ўша вақт болага тушунтира билсам. Иккинчи қаватда яшайдиган кекса қўшниларим бор эди, “мана сизга қиз, мана сизга бозорлик, мана сизга уйнинг калити”, деб ишга кетганман. Ҳалиги таксичи ишхонагача олиб бориб қўйган. 

Ҳеч қачон эсимдан чиқмайди, идорага келаётганимизда энди қуёш тураётганди. Шунақа қилиб икки ой уйга бормаганман. Бўлмаса 15 дақиқалик йўл. Ўша чол-кампир боламга қараб турар эди, мен телефон қилиб, хабар олиб турардим, холос. 

Бу билан нима демоқчиман: агар мен ўзимнинг гапимга ишонмасам, агар мен қонунга таянмасам, Конституция мени негизим ва ҳаётим бўлмаса, мен ҳеч қачон гапирмайман ва майдонга чиқмайман. Мен ўзим терговда қатнашганман, Андижонга бориб, ўз кўзим билан кўрганман, айбланувчилар билан гаплашганман, жабрланувчилар билан гаплашганман, бевосита тергов жараёнида қатнашган аёл сифатида айтаманки, ҳақиқатан бу террористик хуруж эди. 

Қ.Ш.: — Нима учун Андижон воқеалари Ўзбекистондаги кўпчилик раҳбарларнинг обрўсини тушуриб юборди, ҳатто, санкциялар олишига сабаб бўлдию аммо Светлана Ортиқованинг мартабасини кўтарди?

С.О.: — Лекин, бу саволингизга мен жавоб беролмайман. Билмайман. Ҳақиқатни айтиб бериш менинг вазифам эди. 

Қ.Ш.: — Айта олдингизми? 

С.О.: — Санкция олиб ташландими? Европа Иттифоқидан келишди. Парламентда тузилган гуруҳга ҳисобот берганмиз. Кейин бу ерда хорижий элчилардан иборат ишчи гуруҳ тузилган, уларни алоҳида самолётда Андижонга олиб борганмиз. Имом-хатибларга ҳам тушунтирганман. Ўзбекистонда Андижон воқеалари ҳақида мен кириб маъруза қилмаган олий ўқув юрти қолмади. Чунки шахсан мен бу воқеаларни кўзим билан кўриб, қўлим билан ушлаганман. Бу террористик хуруж ва ўша пайтда кимгадир шу керак эди. Кўролмайдиганлар бор. Қўштирноқнинг ичидаги дўстлар бор. Улар ҳозир ҳам бор. 

Мен ўша вақтлар бутун дунёга бир гапни айтганман: менинг асосий вазифам – умримнинг охиригача Ўзбекистоннинг тинчлиги учун курашиш. Мени фарзандим соатдан қатъи назар кўчага чиқа олиши керак ва у соғ-омон қайтиши керак. Сизнинг музлатгичингиз овқатга тўла бўлсаю лекин сизнинг томоғингизда бир қултум сув ўтмаса, фарзандим соғ келадими-йўқми деган қўрқув ўзбекистонликларда бўлмаслиги керак. Бунинг учун мен ўз ҳаётимни бағишлаганман.

Қ.Ш.: — Светлана Боймирзаевна, нима учун халқаро ОАВ ўша кеча мамлакатдан чиқариб юборилди, киришни истаганлар киритилмади?

С.О.: — Ўша пайтда сиёсий қарор шунақа эди. Ўша вақтда вазият шуни тақазо этган. Муҳокама қилишдан йироқман. 

Қ.Ш.: — Андижон воқеаларида давлат ҳарбийлари тинч аҳолига нисбатан ўқ узганми? 

С.О.: — Баъзи бир жиҳатлар орқали қуролни ишлатиш номутаносиб бўлган.

Қ.Ш.: — Яъни тайёргарлиги бўлмаган..?

С.О.: — Алоқа воситалари шир-шир-шир бўлган. Вақтида айтилган, жой очилган, Қирғизистонга чиқиб кетишсин улар дейилган. Алоқа воситалари яхши ишламаган. Вақтида командир у ё бу топшириқни англамаган. Тайёргарлик бўлмаган. Сабаблар кўп. 

Қ.Ш.: — ...ва бўлиб ўтган. Тинч аҳолига нисбатан ўқ узилгани ҳақидаги гаплар ҳам ҳақиқатга яқин.

С.О.: — Албатта. Шунинг учун ҳам ўша одамлар жиноий жавобгарликка тортилган. Буни ҳам овоза қилганман. Ҳатто, жазосини ўтаб келиб, тинч ҳаётда яшашяпти. 

Қ.Ш.: — Улар лавозимдагиларми? 

С.О.: — Лавозимдагилар ҳам бор эди. Қанча киши лавозимидан жудо бўлган. Бизнинг ҳам хатомиз бор эди ва Ортиқова ўша вақтларда ҳар бир ҳисоботни “Бизнинг ҳам хатомиз бор эди” деган гап билан бошларди.  

Таҳририят: Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг март ойида QALAMPIR.UZ собиқ Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов билан ҳам суҳбатлашиб, ундан Андижон воқеалари ҳақида сўраган эди. Ушбу суҳбатни қуйида томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Андижон воқеалари Светлана Ортиқова

Баҳолаганлар

1380

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made