15 нафар беморни ўлдирган шифокор умрбод қамалди
Олам
−
10 июл 35434 2 дақиқа
Германияда шифокор 15 нафар беморини ўлдиришда айбдор деб топилиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Берлин суди 41 ёшли Ёханнесни 2021 йил сентябрдан 2024 йил июлгача бўлган даврда 12 аёл ва 3 эркакнинг ўлимида айбдор деб топди. Германия қонунчилигига кўра, унинг тўлиқ исми ошкор қилинмаган.
Маълумотларига кўра, шифокор беморларнинг уйига ташриф буюрган вақтида уларнинг розилигисиз турли дорилар аралашмасини юборган. Прокуратура бу воситалар беморларнинг ўлимига сабаб бўлганини айтмоқда.
Қурбонларнинг ёши 25 ёшдан 94 ёшгача бўлган. Судда уларнинг барчаси оғир хасталикка чалинган бўлса-да, ўлими яқин бўлмаган.
Прокурорлар шифокор айрим жиноят изларини яшириш учун беморларнинг уйларига ўт қўйишга уринганини ҳам билдирган. 2024 йил июль ойида эса у бир кун ичида икки беморни – Берлин марказидаги 75 ёшли эркак ва қўшни ҳудуддаги 76 ёшли аёлни ўлдирганликда гумон қилинган.
Суд жараёни давомида узоқ вақт сукут сақлаган шифокор айрим айбловларни тан олган. У оғир аҳволдаги 12 беморини ўлдирганини айтиб, уларни “азоб, уқубатдан қутқараётганига ишонганини” билдирган. Шунингдек, етказган азоблари учун узр сўраган.
“Мен буни ҳамма учун энг яхши ечим деб ўйлагандим”, деган у судда.
Расмийлар шифокорнинг бошқа беморлар ўлимига ҳам алоқадор бўлиши мумкинлигини текширмоқда. Ҳозирда яна 76 та ҳолат бўйича тергов олиб борилмоқда. Бу ҳодиса бўйича бошқа ишлар ҳам тасқидланса, бу Германия тарихидаги энг йирик кетма-кет қотиллик ҳолатларидан бирига айланиши мумкин.
Суд шифокорнинг айбини ўта оғир деб баҳолаб, жазодан кейин ҳам профилактик ҳибсда сақлаш чораси қўлланишини белгилаган. Шунингдек, унга тиббий фаолият билан шуғулланиш умрбод тақиқланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германияда уч нафар болани ўлдирганлик учун аввалдан умрбод қамоқ жазосини ўтаётган ва “ниқобли одам” лақаби билан танилган 55 ёшли Мартин Францияда яна бир бола қотиллиги учун айбдор деб топилгани ҳақда хабар берилганди.
Live
Барчаси