120 нафар мигрант Россиядан депортация қилинди

Олам

image

Москва вилоятида ўтказилган рейддан сўнг МДҲ давлатлари ва Африкадан 120 нафар мигрант Россия Федерациясидан чиқариб юборилади. Бу ҳақда кеча, 30 август куни Россия Ички ишлар вазирлигининг Москва вилояти бўйича бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Москва яқинидаги Пушкино шаҳрида полиция омбор мажмуасини текшириш чоғида миграция қонунчилиги бузилиши ҳолатлари аниқланган.

Россия ИИВнинг “Пушкинскоe” миграция департаменти ходимлари Россия гвардияси кўмагида ноқонуний миграцияни аниқлаш ва унга чек қўйиш доирасида МДҲ давлатларида ва Африкадан келган муҳожирлар бўлган омборни текширган.

Рейд давомида 120 нафар чет эл фуқаросига нисбатан Россия ҳудудида бўлиш режимини бузганликлари учун маъмурий баённомалар тузилган, шундан 19 нафар муҳожир Россиядаги ноқонуний меҳнат фаолияти учун ва яна бири маъмурий жазони ижро этишдан бўйин товлаганлик учун жавобгарликка тортилган.

“Ҳар бир чет эл фуқаросига Россиядан депортация қилиш билан беш минг рубль миқдорида жарима белгиланди. 31 нафар мигрант суд қарори ижро этилгунга қадар ихтисослаштирилган муассасага жойлаштирилди”, дейилади Россия ИИВ хабарида.

Айни пайтда ички ишлар органлари ходимлари томонидан ноқонуний миграция ташкилотчиларини аниқлаш ва қўлга олишга қаратилган қўшимча чоралар кўрилмоқда.

Маълумот учун, жорий йилнинг 8 август куни Россия Президенти Владимир Путин мамлакатда ноқонуний мигрантларга тегишли янги миграция депортацияси режимини жорий этиш тўғрисидаги қонунни имзолаган эди. Қабул қилинган қонун назорат остидаги шахслар реестрини яратишни назарда тутади. Депортацияга қадар чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс махсус муассасага жойлаштирилади. У мамлакатни тарк этгач, режим ўз фаолиятини тўхтатади.


Мақола муаллифи

Теглар

мигрант депортация

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made