12 давлат Россиянинг “соя флоти”га қарши курашиш учун биргаликда ишлайди

Олам

image

Европанинг ўн икки давлати – Германия, Буюк Британия, Польша, Нидерландия, бешта Шимолий Европа давлати ва Болтиқбўйининг учта давлати – Россия G7 томонидан белгиланган нарх чегарасини четлаб ўтиб, нефть экспорт қиладиган соя флотига қарши курашиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди. Бу ҳақда кеча, 16 декабрь куни Эстония ҳукумати сайтида чоп этилган қўшма баёнотда айтилади.

Эстония Бош вазири Кристен Михалнинг фикрича, Россиянинг соя флоти Европа хавфсизлиги, иқтисодиёти ва атроф-муҳитига таҳдид солмоқда.

“Сояда ишлашни танлаганлар оқибатларга тайёр бўлишлари керак. Биз Россиянинг соя флотини ушлаб туриш ва санкцияларни четлаб ўтишга уринишларнинг олдини олиш бўйича мувофиқлаштирилган чораларни кўряпмиз”, деди Михал.

Таллинда бўлиб ўтган Қўшма экспедиция кучлари давлат раҳбарларининг йиғилишида қабул қилинган баёнотда, хусусан, олти давлат – Буюк Британия, Дания, Швеция, Польша, Финляндия ва Эстония энди Ла-Манш, Дания бўғозлари ва Финляндия кўрфази орқали саёҳат қиладиган шубҳали кемаларнинг суғурта ҳужжатларини текшириши белгиланган. Тўпланган маълумотлар, шу жумладан сўровларга жавоб беришдан бош тортган кемалар халқаро ҳамкорлар билан биргаликда таҳлил қилинади.

Ушбу чора-тадбирлар ёрдамида ўн икки мамлакат нафақат Россия Федерациясининг Украинада уруш олиб боришига имкон берувчи энергия экспортидан тушадиган даромадини чеклашни, балки минтақанинг экологик хавфсизлигини оширишни ҳам кутмоқда. Экологлар “нефть флоти”нинг 200 га яқин танкери эскирганлигини ва улар фойдаланишдан чиқарилиши кераклигини аниқлади. Улар сўнгги йилларда бир нечта нефтнинг тўкилишига сабаб бўлган.

Кеча, 16 декабрь куни Европа Иттифоқи мамлакатлари Ташқи ишлар вазирлари Украинага қарши тажовузкор уруши учун Россияга қарши санкцияларнинг 15-пакетини тасдиқлади. Бошқа нарсалар қаторида, Россия Федерациясининг соя флотига кирувчи учинчи давлатларнинг 52 та кемасига нисбатан чекловлар жорий этилди. Бу билан Европа Иттифоқи санкциялари остидаги кемаларнинг умумий сони 79 тага етди. Уларга Европа Иттифоқи портларига кириш ва Европа компанияларидан хизматлар олиш тақиқланган.

Европа Иттифоқи, шунингдек, денгиз орқали нефть хомашёси ва нефть маҳсулотларини ташиш учун масъул бўлган Россиянинг мудофаа ва юк ташиш компанияларига қарши ҳам санкциялар киритди. Бундан ташқари, ноябрь ойида Буюк Британия ҳукумати Россиянинг соя флоти таркибига кирувчи яна 30 та кемани санкциялар рўйхатига киритди ва шу билан уларнинг сонини 73 тагача кенгайтирди.

Нархлар чегараси G7 мамлакатлари томонидан 2022 йил декабрида Европа Иттифоқи нефть эмбаргоси билан бир вақтда Россия нефтининг бошқа бозорларда бир баррель учун 60 доллардан юқори нархларда сотилишига йўл қўймаслик учун жорий қилинган. Ғарб суғурта компанияларига, агар улар белгиланган чегарадан юқори нархда сотиш учун нефть олиб кетаётган бўлса, танкерларни суғурта қилишлари тақиқланади. Ушбу чекловларни четлаб ўтиш учун Россия Федерацияси соя флотини яратди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Европа Иттифоқи соя флоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made