11 яшар боланинг ўлими тафсилотлари очиқланди

Жамият

image

Кеча Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ўлим ҳолати қайд этилгани ҳақида хабар берган эдик. Хавфли вируснинг навбатдаги қурбони Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи 11 ёшли Муҳаммад Ўринбоев бўлган. Бола оғир ташхис билан диспансер назоратида турган. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Қайд этилишича, 2009 йил 7 апрелда туғилган Муҳаммад Ўринбоев болаликдан ногирон бўлиб, 2012 йилдан “Сурункали гломерулонефрит нефротик шакли, гематурик синдром, камқонлик 3 даража, семизлик 3 даража, сурункали буйрак етишмовчилиги” ташхиси билан Бўстонлиқ тумани кўп тармоқли марказий поликлиниканинг умумий амалиёт шифокорида назоратга олинган. Бемор туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида  доимий назоратда бўлган ва ногиронлик нафақасини олган.

У Тошкент Тиббиёт академиясининг болалар нефрология бўлимида юқоридаги ташхис билан йилига 2 мартадан ётиб, даволаниб турган.  

Болакай сўнгги бор 2020 йил 11 июлдан 20 июлгача “Сурункали гломерулонефрит аралаш тури, буйрак етишмовчилиги, буйрак функциясининг бузилиши, анемия оғир формаси” ташхиси билан Чирчиқ шаҳридаги Тошкент вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг нефрология бўлимида даволанган. 

Жорий йилнинг 5 сентябрида соат 09:00 да Бўстонлиқ тумани Тиббиёт бирлашмаси қабул бўлимига бурундан қон кетиши, тана ҳарорати 37,5-38,0 га кўтарилган ҳолда олиб келинган. Реаниматолог, инфекционист, педиатр мутахассислари биргаликда консилиум ўтказиб, болани Чирчиқ шаҳридаги коронавирус госпиталига юборишган. 

Шу куннинг ўзида М.Ўринбоев Чирчик шаҳар коронавирус госпиталига оғир аҳволда олиб борилган, “Сурункали гломерулонефрит нефротик шакли, гематурик синдром, камқонлик 3 даража, семизлик 3 даража,  сурункали  буйрак етишмовчилиги, қон ивишининг бузилиши, COVID-19, шифохонадан ташқари 2 томонлама пневмония, нафас етишмовчилиги” ташхиси  билан соат 11:30 да  реанимация бўлимига ётқизилган. 

Кўрилган реанимацион даво чораларига қарамай болада жорий йилнинг 5 сентябрь куни соат 19:50 да биологик ўлим ҳолати юз берган.

Ўлим ташхиси: сурункали гломерулонефрит нефротик тури, семизлик Ш даража, анемия Ш даража, сурункали гломерулонефрит, буйрак етишмовчилиги терминал босқичи, касалхонадан ташқари икки томонлама пневмония ўткир кечиши. Асорати: ўткир нафас, юрак қон-томир етишмовчилиги Ш даража. 

Короновирус инфекциясига Тошкент вилояти СЭОМ вирусология лабароториясида ПЗР усулида олинган ва 97253-сонли намуна натижасига кўра, Муҳаммад Ўринбоевда COVID-19 ташхиси тасдиқланган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

467

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг