11 ойда Ўзбекистонга қарийб 11 млн сайёҳ келди

Жамият

image

2025 йилнинг 11 ойида Ўзбекистонга 10,7 миллион нафардан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Бу ҳақда бугун, 13 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Оққуловнинг “Сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган шаҳарларда туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги парламент сўровига берилган жавобида сўз боради.

Унда келтирилишича, 2025 йилнинг 11 ойида Ўзбекистонга 10,7 миллион нафардан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Уларга 4,4 миллиард АҚШ доллари миқдорида туризм хизматлари кўрсатилган. Қўшни давлатлар ва МДҲ мамлакатларидан келган сайёҳлар сони 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 1,1 баробарга, узоқ хориж давлатларидан келган сайёҳлар сони эса 1,5 баробарга ошган.

Шунингдек, ўтган йилда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” ички туризмни ривожлантириш дастури доирасида аҳолининг ҳудудларга 23,7 миллиондан ортиқ ташрифлари амалга оширилган.

Ҳудудларда жами 954 та жойлаштириш воситалари, жумладан, 128 та меҳмонхона, 506 та оилавий меҳмон уйи, 268 та хостел ва 52 та бошқа турдаги жойлаштириш объектлари фаолияти йўлга қўйилган. Туризм маҳаллалари ва қишлоқлари сони 32 тага етказилиб, туризм ва унга ёндош соҳаларда 16,1 мингга яқин янги иш ўринлари яратилган.

Туристлар кўп ташриф буюрадиган жойлар, аҳоли гавжум ҳудудлар ҳамда автомобиль йўллари бўйлаб республика миқёсида 11 мингга яқин санитария-гигиена шохобчаларининг ҳолати яхшиланган. Шундан 6 мингдан ортиғи янгидан барпо этилган. Натижада республикадаги барча ёқилғи қуйиш шохобчаларининг замонавий санитария-гигиена объектлари билан таъминланиш даражаси 20 фоиздан 98 фоизга етказилган.

Қайд этилишича, давлат раҳбарининг туризм соҳасидаги ислоҳотларни янада жадаллаштиришга қаратилган қарори ижроси доирасида жами қиймати 558,5 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи 56 та лойиҳа амалга оширилиб, улар орқали 6 141 та янги иш ўрни яратилган. Йирик шаҳарлар ва ҳудудларда туристлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қатор инфратузилма объектлари ташкил этилган.

Хусусан, Бухоро вилоятида 3 та мотель, Наманган вилоятида 1 та кемпинг ва 1 та кемпинг оромгоҳи, Навоий вилоятида 1 та кемпинг оромгоҳи, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент ва Хоразм вилоятларида мотеллар ҳамда кемпинг оромгоҳлари фаолияти йўлга қўйилган.

Билдирилишича, депутатлар ушбу йўналишда қўмита томонидан муайян ишлар амалга оширилганини эътироф этиб, шу билан бирга, туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш, туристик маршрутлар сонини кўпайтириш, туризм қишлоқлари сонини ошириш, йирик шаҳарлар, туман марказлари ва автомобиль йўллари бўйларида замонавий, енгил конструкцияли санитария-гигиена шохобчаларини кўпайтириш юзасидан тегишли тавсиялар берган.

Мажлисда мазкур масала юзасидан доимий парламент назорати олиб борилиши қайд этилиб, Туризм қўмитаси раисининг жавоби маълумот учун қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йилнинг январь-ноябрь ойларида жами 80 653 нафар чет эл фуқаролари даволаниш мақсадида Ўзбекистонга келгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

туризм турист сайёҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг