10-қаватдан йиқилган MMA жангчиси тирик қолди (видео)
Спорт
−
25 Январь
13133Hardcore MMA жангчиси, доғистонлик “Веном” лақабли спортчи Магомед Зайналов 10-қаватдан йиқилди. Бу ҳақда Зайналов жанг қиладиган лига вакили Эдуард Кузминов маълум қилди.
“Бугун эрталаб мен қайғули хабар олдим. Магомед Зайналов 10-қаватдан йиқилиб тушибди,у ҳозир реанимацияда. 2 февраль куни у жанг қилиши керак эди. Веном тезроқ тузалиб кетишини тилаб қоламан”, дейди Кузминов
Маълум бўлишича, 24 ёшли жангчи эҳтиётсизлик оқибатида 10-қаватдан машина устига тушгани учун тирик қолган. Олд тарафи пачоқланган Nissan X-trail автомобили эгаси эса спортчини судга беришни режалаштирмоқда.
Зайналов рафиқасининг сўзларига кўра, улар яқинда ижарага олинган квартирага уй ҳайвони олишган. Ҳайвон балконга сакраб чиққан ва спортчи унга қўл чўзиб, эҳтиётсизлик оқибатида йиқилиб тушган. Қайд этилишича, Зайналовнинг оёқ ва тос суяги жиддий жароҳат олган.
Жангчининг менежери Виталий Тарасовнинг айтишича, ҳозирда мижозининг ҳаёти хавф остида эмас ва Зайналов сўнгги йилларда иштирок этган Hardcore MMA лигаси молиявий жиҳатдан ёрдам берган.
“Шифокорларнинг айтишича, унинг ҳолати барқарор. У яшайди. Ҳозирда биз Магомеднинг ўзидан хабар кутмоқдамиз, менимча, у тез орада биз билан боғланади”, дейди Виталий Тарасов
Магомед Зайналов 2021 йилдан бери Hardcore MMA'да иштирок этиб келади. Икки йилдан сал кўпроқ вақт ичида у турли қоидалар бўйича 15 та жанг ўтказиб, уларнинг тўрттасида ғалаба қозонган, биттасида дуранг қайд этилган бўлса, 10 та жангда мағлуб бўлган.