1-сонли Республика клиник шифохонаси ёпиладими? Вазир мишмишларга аниқлик киритди

Интервью

Сўнгги пайтда ижтимоий тармоқларда 1-сонли Республика клиник шифохонасининг (Содиқ Азимов кўчасидаги собиқ Главташкентстрой шифохонаси) ёпилиши ҳақида турли маълумотлар тарқаляпти.

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Зангиотадаги янги шифохонанинг биринчи биносини фойдаланишга топшириш вақтида 1-сонли Республика клиник шифохонаси атрофидаги гап-сўзларга расмий муносабат билдирди.

“Шуни расман маълум қиламанки, бугунги кунда Республика клиник шифохонаси мен бошқраётган Соғлиқни сақлаш вазирлиги балансида қоляпти. Шунингдек, ушбу шифохона юридик шахс сифатида сақлаб қолиняпти ва ҳозирда ишлаяпти.

Биз аҳолига қулайлик яратиш ва бутун шифохонани ёпмаслик учун унинг бир қисм ходимларини Зангиотадаги юқумли касалликлар шифохонасига ўтказдик. Бундан ташқари, биз хоҳловчиларни, ҳеч ким мажбурланмайди, коронавирус беморлари билан ишлашга жалб қиляпмиз. Шунга мувофиқ, Республика клиник шифохонасининг бир қисм ходимлари Зангиотадаги шифохонада ишлашга рози бўлди”, дея мишмишларни рад қилди Алишер Шодмонов.

У сўзида давом этиб, янги қурилаётган шифохоналар ғақида ҳам айтиб ўтди ва уларнинг қурилишини Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили кузатиб бораётганини маълум қилди.

“Шуни ҳам айтишим керакки, ҳар бир (тиббиёт муассасаси – таҳр.) қурилишга ўз вакилларимизни бердик. Хабарингиз бор, Чилонзор туманининг Арнасой кўчасида Перинатал марказ қуриб битказилди, Президент топшириғи билан Болалар шифохонаси қурилиши якунланяпти. Бундан ташқари, эндиликда Миллий тиббиёт маркази деб аталаётган Тошкентдаги ТАПоИЧ шифохонаси ҳам битказилди. Тошкент тиббиёт академияси (Эски ТошМИ) ҳудудида ҳам қурилиш ишлари олиб бориляпти. У ерда янги кўп тармоқли шифохона қуриляпти”, деди Шодмонов.

Вазир Республика клиник шифохонаси бош шифокори Зангиота юқумли касалликлар шифохонаси қурилишини кузатиб бориш ва керакли маслаҳатларни бериш учун йўналтирилганини маълум қилди. Республика клиник шифохонаси ёпилиши ҳақидаги мишмишларнинг келиб чиқиш сабабларига тўхталиб ўтди.

“Бу ерга (Зангиота юқумли касалликлар шифохонаси – таҳр.) 1-сонли Республика клиник шифохонаси бош шифокорини йўналтирдик. У 2,5 ой мобайнида қурилиш вақтида лойиҳачи, қурувчиларга кислород, вентиляция бўйича маслаҳат бериш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили сифатида шу ерда бўлди. Ҳар куни уларга маслаҳат берди, ёрдамлашди ва шу ерда ишлади. Энди шифохонанинг барча инфратузилмасини билувчи одам сифатида пандемия даврида шу ернинг раҳбари этиб тайинланди. Шундан келиб чиқиб, балки ёлғон, беҳуда гаплар тарқалган. Ҳуддики, у шифохона (1-сонли Республика клиник шифохонаси) ёпиляпти”, дея яна бир бор турли хабарларни инкор қилди вазир.

У сўзида давом этаркан, Зангиотада янги қурилган юқумли касалликлар шифохонаси учун жамоа турли шифохоналардан ходимлар олиш орқали шакллантирилганини айтиб ўтди.

“Ҳеч қаерда, ҳеч бир ҳужжатда, ҳеч бир кўрсатмада бу ҳақда сўз бормаган. Бугунги кунда Республика клиник шифохонаси фолиятини олиб боряпти, барча бўлимлар одатий тартибда ишлаяпти, ходимларнинг бир қисми ушбу юқумли касалликлар шифохонасида ишлаш учун йўналтирилган. Бундан ташқари, бу ерга Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси, 3-сонли шаҳар юқумли касалликлар шифохонасидан ҳам ходимлар олиниб, бу ерда ишлайдиган жамоани шакллантирдик”, деди Шодмонов.

Шундан сўнг, вазир Эски ТошМИда қурилаётган шифохона ҳақида маълумот бериб, у ерда жойлашган Стоматология институтининг тақдири ва умуман, эски биноларнинг нима мақсадда фойдаланилиши борасида маълумот берди.

“Эски ТошМИдаги Стоматология институти у ерда сақлаб қолинади. Бу ўқув биноси. Шу билан бирга, бир қанча даволаш корпуслари ҳам бор. Афсуски, улар замонавий талабларга жавоб бермайди. У бинолар қурилганига 100 йилдан ошди. 

Биз бу ерда (Зангиота юқумли касалликлар шифохонаси – таҳр.) муҳандислик коммуникацияси, лойиҳалаш, қурилиш материаллари, беморларга ва ходимларга қулайлик бўйича тизимли тўғри клиника нима эканини кўрамиз. Шу нуқтаи назардан эски ТошМИда янги кўп тармоқли клиникани қуряпмиз. У ерда ўша клиника ходимлари ишлайди. Қурилиш ишлари бўш ерда бошланган, аниқроғи якунланяпти.

Эски бинолар Стоматология институти, Тошкент тиббиёт академияси, аниқроғи бугунги кунда жуда ноқулай шароитда ишлаётган кафедралар учун ўқув-клиник база бўлади. Балки қайсидир маъмурий идорамиз ҳам у ерга кўчирилиши мумкин. Бу ер тиббиёт шаҳарчаси сифатида қолади”, дея аниқлик киритди Шодмонов.


Мақола муаллифи

Теглар

Алишер Шодмонов

Баҳолаганлар

96

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг