1 июль ва ЙПХ ходимларининг ҳали ҳам камераси йўқ! ЙХҲББ муддатни узайтирмоқчи

Жамият

image

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилнинг 1 декабрдаги “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида”ги қарори имзоланган эди. Қарорда жорий йил 1 июлдан ЙПХ ходимида видеокамера бўлиши шартлиги, мобил видеокамераси бўлмаган ЙПХ ходимига ҳайдовчи ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқига эгалиги ҳақида хабар берган эдик. 

Бугун – 1 июль. Хўш, қарорнинг айнан боди-камера билан боғлиқ қисми кучга кирди? Бироқ, ЙПХ ходимларида ҳануз боди-камералар йўқ. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бундан бир неча кун аввал боди-камералар билан таъминлаш муддатини жорий йилнинг 1 июлидан 2020 йилнинг 1 декабрига узайтириш бўйича қарор лойиҳасини тақдим этган эди. Аммо, қарор ҳозиргача имзоланмади. 

QALAMPIR.UZ’нинг ЙПХ ходимлари нима учун ҳалигача боди-камералар билан таъминланмагани билан боғлиқ саволига ЙҲХББ қуйидагича жавоб берди:

“Қарор эълон қилингач, ходимларни боди-камералар билан таъминлаш йўналишида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, бир-неча вазирлик ва ташкилотлар мутахассисларини жалб этган ҳолда боди-камераларни ишлатиш юзасидан техник шартлар, уларни харид қилиш бўйича тендер танловлари шартлари ишлаб чиқилди, эълон қилинди. Турли савдо ташкилотларига юборилди. Уларнинг таклифлари жамланди.

Нуфузли комиссия томонидан ҳар бир таклиф атрофлича ва батафсил ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар жараёнида камераларнинг нархидан бошлаб, етказиб бериш шартлари ва муддатларигача кўриб чиқилди. Навбатдаги вазифа камераларни турли об-ҳаво шароитларида, турли кўринишларда, ҳар хил холатларда, вазиятларда ишлатиб кўриш ва синовдан ўтказиш эди. Бу босқич ҳам муваффақиятли якунланди.

Боди-камералар харид қилинадиган  ташкилот аниқ бўлди. Энди бутун диққат-эътибор маълумотларни сақлаш қурилмаларини харид қилиш, дастурий таъминотни ишлаб чиқишга қаратилди. Бу жўн вазифа эмас. Эртага йўлларда турли келишмовчиликлар ва зиддиятлар, баҳс-мунозаралар келиб чиқмаслиги айнан мана шу дастурий таъминотнинг тўғри ва аниқ ишлашига кўп жиҳатдан боғлиқ.

Шуни ҳисобга олган ҳолда дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ишларига етук мутахассислар, компаниялар жалб этилди. Ҳозирги кунгача бу ишларнинг деярлик  саксон фоизи бажарилди. Боди-камераларни харид қилиш юзасидан тузилган шартномада уларни етказиб бериш муддати 120 кун қилиб белгиланган. Бу таъминотчининг талаби. Ўз-ўзидан равшанки бу муддат қарор ижросини ўз вақтида бажаришга мос келмайди.

Шуларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига боди-камераларни ишга тушириш муддатларини узайтириш бўйича таклиф берилди. Камералар бутунлай бекор қилингани йўқ, фақатгина унинг ишга тушириш муддатларини узайтириш режалаштирилмоқда. Шуни тўғри тушуниш ва қабул қилиш керак”.


Мақола муаллифи

Теглар

ЙПХ ЙҲХББ боди-камера

Баҳолаганлар

46

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг