1 февралдан қонунчиликда нималар ўзгаради? Иш ҳақи, стипендия, бизнес муҳитини янгилаш ва бошқалар
Таҳлил
−
25 Январь 2020
18702Жорий йилнинг 1 февралидан қонунчиликда бир қанча ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Бюджет ташкилотлари ва муассасалари ходимлари иш ҳақлари, пенсия, стипендия, нафақа ҳамда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамлар миқдори оширилади. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида янги жамғарма тузилиши режалаштирилди. Президент қарори асосида Ўзбекистонда бизнес муҳитини яхшилаш бўйича янги қадамлар ташланади.
2019 йилнинг 31 декабрь куни “Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинганди. Унга кўра, 2020 йил 1 февралдан бюджет ташкилотлари ва муассасалари ходимлари иш ҳақлари, пенсия, стипендия, нафақа ҳамда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамлар миқдори 1,07 бараварга оширилади.
2020 йил 1 февралдан бошлаб:
• меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 679 330 сўм;
• пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 238 610 сўм;
• энг кам ёшга доир пенсиялар – ойига 466 680 сўм;
• болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа – ойига 466 680 сўм;
• зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа – ойига 286 390 сўм қилиб белгиланди.
2020 йил 16 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат қарзини самарали бошқариш ва жалб қилинаётган қарзлардан мақсадли фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.
Давлат қарзи ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳа ва дастурлар бўйича тўловларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва кафолатли амалга оширилишини таъминлаш мақсад қилинди. Жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Кафолат жамғармаси ташкил этилади.
“Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4525 сонли Президент Қарори қабул қилинди.
2020 йил 1 февралдан бошлаб:
• экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатлар “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали расмийлаштирилади. Бунда ваколатли органларнинг автоматлаштирилган ахборот тизимлари “Ягона дарча” божхона ахборот тизимига интеграция қилинади;
• фитосанитария, санитария-эпидемиология, ветеринария ва экологик назорат ўтказиш учун ундириладиган тўловлар миқдори ваколатли органнинг мазкур ҳужжатни бериш учун қилган харажатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан келишилган ҳолда белгиланади;
• юридик шахслар томонидан даъво аризаси ва унинг иловаларини жавобгар ҳамда иқтисодий судга солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон тарзда юбориш имконияти яратилади.