Давлетов қоп-қоп сифатсиз ҳужжатлар ҳақида: “Қонунчиликка мораторий белгилаш керак”

Жамият 2421
image

Сўнгги 3 йилда Ўзбекистон миллий қонунчилик базасида 15 мингта ҳужжат рўйхатдан ўтказилган. Бу 1991-2015 йилларда ишлаб чиқилган жами норматив ҳужжатларнинг 26 фоизига тенг. Бу ҳақда Ўзбекистон Адлия вазири Русланбек Давлетов Олий Мажлис Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлисидаги ахбороти давомида айтиб ўтди.

Шу ўринда вазирлик томонидан 2013-2017 йилларда, яъни 5 йилда 500 та қонунчилик ҳужжати лойиҳалари ишлаб чиқилган бўлса, охирги 2 йилнинг ўзида бу кўрсаткич қарийб 500 тани ташкил этгани алоҳида таъкидланди.

Вазирнинг сўзларига кўра, ишлаб чиқилаётган ҳуқуқий ҳужжатлар жуда кўп. Бу кўплик эса объектив сабаблар билан боғлиқ.

“Бугунги кунда ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш 2,5 бараварга ошган. Энди савол туғилади бу камми-кўпми ёки яхшими-ёмонми? Албатта, жуда кўп. Бу кўплик объектив сабаблар билан боғлиқ. Негаки, ҳамма соҳада ислоҳотлар бўляпти. Турли тартиблар қонун ҳужжатлари билан амалга оширилади, бошқа иложи йўқ”, дейди Давлетов.

Вазирнинг сўзларига кўра, қонун ҳужжатлари базасининг катталигидан бир нечта муаммо юзага келади.

“Биринчидан, сифат масаласи. Иккинчидан, барқарорлик масаласи. Қонунчилик барқарорми, йўқми? Чунки тез-тез ўзгарадиган қонунчилик бу яхши қонунчилик эмас. Унга ишонч кам бўлади. Учинчидан, ижро масаласи. Шунча ҳужжат қабул қиляпмиз. Ижро қандай бўляпти, деган саволлар олдимизда туради”, дейди вазир.

Русланбек Давлетов Адлия вазирлигига экспертиза учун келган10 мингдан ортиқ ҳужжатнинг ўртача 10 фоиздан 30 фоизгача қисми салбий хулоса билан қайтарилаётганини, қолган 90 фоиз ҳолатда эътирозлар билан ижобий хулоса берилаётганини таъкидлаб ўтди.

“Сифат нуқтайи назаридан айтадиган бўлсак, ҳали қилинадиган ишлар кўп. Барқарорлик бўйича ҳам муаммолар бор. Чунки жуда кўп ҳолатларда ҳаттоки, кучга кирмаган ҳужжатга ўзгартириш киритиш ҳолатлари бўляпти. Ўзбекистонни ҳуқуқий давлат сифатида ҳурмат қилинишини хоҳласак, бундай ҳолатлардан ҳоли бўлишга эътибор беришимиз керак. Барқарорликни таъминлаш учун янги чиқаётган қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритмаслик бўйича 1-2 йиллик мораторий белгилаш керак. Ўшанда уни ишлаб чиқаётган пайтда тегишли вазирликнинг озгина бўлса ҳам масъулияти ошади деган фикр бор”, дейди Давлетов.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 31
Рейтинг: 3
t
×