Илҳом Алиев рафиқаси билан қуролли тўқнашувларда жароҳатланган ҳарбийларни кўргани борди

Олам

image

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва мамлакат биринчи хоними Меҳрибон Алиева жорий йилнинг 27 сентябрь куни Тоғли Қорабоғ можароли зонасида бошланган қуролли ҳужумларда жароҳатланган аскарлар билан учрашди. Президент Алиев ва вице-президент Алиева уларнинг холидан хабар олган Мудофаа вазирлиги госпиталига борди. 

“Азиз биродарлар, сиз Ватан учун жангларда турли жароҳатлар олдингиз. Шифокорлар сизга яхши қарашмоқда. Ишончим комилки, шифокорлар сизни тезда соғайиб кетишингиз ва нормал ҳаётга қайтишингиз учун қўлларидан келганича ҳаракат қилишади”, дейди Озарбайжон Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Илҳом Алиев.  

Озарбайжон охирги уч кун ичида 2300 арманистонлик ҳарбийлар ўлдирилганини баён этмоқда. Бироқ, расмий Баку бугунгача ўз йўқотишлари ҳақида расмий маълумотларни сир сақлаб келмоқда. Президент Алиев фақат 13 нафар тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлганини қайд этди, холос. 

Айни вақтда аксарият хорижий мамлакатлар, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти каби нуфузли халқаро ташкилотлар Озарбайжон ва Арманистонни ўт ўчишни тўхтатиб, музокара столига қайтишга чақирмоқда. Бироқ, чўғ аллақачон аланга олиб бўлган. Алиевнинг қуйидаги фикрлари буни тасдиқлайди. 

"Биз ўз заминимизда, Ватан учун курашмоқдамиз. Бизнинг курашимиз адолатли курашдир ва бу тўқнашувда биз хоҳлаган нарсага эришамиз, адолат ғалаба қозонади ва Озарбайжон ўз ҳудудий яхлитлигини тиклайди, деб ишонаман. Кўп йиллар давомида мажбурий мигрант сифатида яшаб келаётган ватандошларимиз ҳам ўз ватанига қайтадилар”, дейди давлат раҳбари.

Ижтимоий тармоқларда биринчи хоним Меҳрибон Алиеванинг госпиталда даволанаётган ҳарбийлар билан хайрлашаётиб йиғлагани акс этган видеолар тарқалмоқда. 

Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари кеча, 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди. Унда мингга яқин ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.

Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.

Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.

Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди.  Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади


Мақола муаллифи

Теглар

Илҳом Алиев Озарбайжон-Арманистон Меҳрибон Алиева Қорабоғ тўқнашуви

Баҳолаганлар

149

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг