Хитой Ўзбекистонни коронавирус вакцинаси синовларида қатнашишга чақирди
Жамият
−
25 Сентябрь 2020
6667Хитой Халқ Республикаси компаниялари вакциналар клиник синовларининг учинчи босқичини биргаликда амалга ошириш бўйича расмий Тошкентга таклиф билдирган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда Хитойнинг “Sinopharm” компаниясининг ваколатли корхонаси (“Yilin International Commerce” МЧЖ) ап Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан “Zhifei Longcom” компанияси билан келишувлар имзоланган. Бундан ташқари, Россия Федерациясида ишлаб чиқарилаётган “Спутник-V” вакцинасининг 5000 дозасини Ўзбекистон Республикасига ажратиш юзасидан Россиянинг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасига мурожаат қилинган.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг “COVAX” (коронавирусга қарши вакциналаш) халқаро механизмига қўшилган. Агар вакцина муваффаққиятли ишлаб чиқилган бўлса, “COVAX” механизмида иштирок этадиган мамлакатлар аҳолисининг йигирма фоизини эмлаш учун етарли вакцина таъминотига кафолатланган дастлабки кириш имкониятдан фойдаланилади. Шунингдек, ушбу дастурнинг асосий мақсади — янги вакциналарни яратиш ва синовдан ўтказиш бўйича илмий тадқиқотлар ҳамда уларни оммавий ишлаб чиқаришга тайёргарликни қўллаб-қувватлашдир.
Бугунги кунда дунё бўйича коронавирус инфекциясига қарши вакцинани ишлаб чиқиш бўйича фаол ҳаракатлар олиб борилмоқда. Ҳозир жаҳонда 25 та вакцина клиник, 139 таси эса клиникагача бўлган синовлар жараёнида. Дунё бўйича Буюк Британия, АҚШ, Германия, Хитой, Россия каби давлатларда ишлаб чиқарилган 9 та вакцинанинг охирги (учинчи) босқич синовлари ўтказилмоқда.
Яна бир муҳим масала — вакциналарни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш. Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, мазкур масала ҳам олимлар ва фармацевтика соҳаси ишлаб чиқарувчилари томонидан кўриб чиқилмоқда. Бу ҳолатда вакциналар импортга боғлиқ бўлмайди. Уларни экспорт қилиш орқали қўшни давлатларга ҳам ёрдам бериш имкони яратилади. Бу ўз навбатида минтақада COVID-19 га нисбатан эпидемиологик барқарорликка эришиш жараёнини таъминлайди.
LiveБарчаси