3 вилоятда туроператорларга “иномарка” сотиб олишда имтиёз берилди

Жамият 9418
image

Бухоро, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида рўйхатга олинган туроператорларга хориждан автомобиль импорт қилишда имтиёз берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг “Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгилаб қўйилди.

Бухоро, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида рўйхатга олинган туроператорларга, истисно тариқасида, двигатель ҳажми 2,4 литрдан кам бўлмаган юқори ўтиш қобилиятига эга транспорт воситалари импорт қилинаётганда божхона божини амалдаги ставканинг 50 фоизи миқдорида, қолган қисмини олиб кирилган санадан бошлаб 3 йил давомида тўлашга рухсат берилди.

Бунда ушбу транспорт воситаларига давлатнинг рўйхатга олиш рақам белгиларининг алоҳида сериялари берилиши ва улардан тегишинча фақат Бухоро, Навоий ва Сурхондарё вилоятлари ҳудудида фойдаланишга рухсат этилиши белгиланди.

Аввалроқ, қарорга мувофиқ, туристлар учун “Uzbekistan. Safe travel Guaranteed” санитария-эпидемиологик хавфсизлик тизими жорий этилиши ҳақида хабар берган эдик.

Бундан ташқари, “Андижон” халқаро аэропортига “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” номи берилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 263
Рейтинг: 3
Теглар
t
×