Энди тўйлар қандай бўлади? Тўй ташкилотчиси билан суҳбат

Интервью 23594

Тўй – бу нафақат урф-одат, балки яхшигина бизнес. Ўзбекистонда бир тўйнинг ортидан юзлаб киши рўзғор тебратади. Ош дамлаган ошпаздан тортиб, гиргиттонгача, кўрпа қавиган кайвонилардан тортиб, тўйда қўшиқ куйлаган хонандагача... Хуллас бунда сарфланган пуллар бозорда айланади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Сенати ўтган йили тўйларни қисқартиришга  оид қўшма қарорни қабул қилдию бу бизнес ортидан кун кўраётган минглаб кишиларнинг рўзғори учун муқобил вариантларни тақдим этмади. Артистларни қўя турайлик, аммо оддий ошпаз ёки қандолатчи нима қилсин? 

Бу ҳам етмагандек, бутун дунёни эгаллаган коронавирус Ўзбекистонда ҳам тўйлар ўтказиш тақиқланишига сабаб бўлди. Республика махсус комиссияси “яшил” ҳудудларда 30 кишилик тўйлар ўтказишга рухсат берди. Шундоқ ҳам одамлар карантиндан фойдаланиб камчиқим тўйлар ўтказишга ўрганиб қолди. Аммо масаланинг бизнес қисмига қарасак, минглаб одамларнинг қора қозони қандай қайнайди, деган савол бор. Айни вақтда ушбу бизнес жар ёқасида турибди. QALAMPIR.UZ коронавирус сабаб бизнеси тўхтаб қолган тўй ташкилотчиси Раъно Ортиқова билан суҳбат ўтказди.

Феруза Нажмиддинова, журналист: — Тўй ҳам аслида бизнес. Шундай эмасми?

Раъно Ортиқова, ташкилотчи: — Тўғри айтасиз бу бизнес, бу менинг яхши кўрган ишим. Шу билан бирга, бу иш менга даромад ҳам олиб келади.

Ф.Н.: — Ўзбекистонда тўй ташкил қилишга бизнес сифатида қарашади ва биргина тўй ортидан, ошпаз, тасвирчи, раққоса, чеварлар хуллас юзлаб киши рўзғор тебратади, десак ҳам тўғри бўлади. Лекин ҳозирги пандемия шароитида бу соҳа анча оқсади ва нима деб ўйлайсиз, карантиндан кейин бу қанчалик ортга қайтади?

Р.О.: — Биласизми, тўй бизнинг маданиятимиз, қизлар туғилган уйда ўша кунданоқ сарпо йиғилади, қуда-анда, кимдир қизини кўрсатса кимдир ўғилини кўрсатади. Ота-оналар бир-бири билан кўришади. Ҳар томонлама хурсандчилик. Ҳозир пандемия вақтида биз ишсиз қолдик. Жуда кўпчилик тўйсиз, ишсиз, пулсиз ўтирибмиз. Ҳозирги шароитдан карантиндан кейин нима бўлишига ўзим ҳам хайронман. Гуруҳимиз билан ҳар куни гаплашамиз, мендан энди нима бўлади деб сўрашади. Яхши бўлиб кетар деб ишонаман. Сабаби биз ташкил қилишимиз керак бўлган тўйлар барчаси тўхтатилди. Улар 15-20 киши билан тўй ўтказишга рози бўлишмади. Орзу-ҳаваси бор. Ҳозир ҳам 30 киши дейиляпти, бу бир уйда турадиганларнинг оиласи, яқинлари, холос. Яқинларининг ўзи 30 киши бўлади. Шахсан мени оиламда 8 та одам, қизлар невара келинлар билан 100 дан ошяпти.

Ф.Н.: — Фикрингизча, бу олдинги даражасига қайтадими ё йўқ?

Р.О.: — Қайтади. Чунки, биз ўзбекмиз. Биз қариндош-уруғчиликни яхши кўрамиз. Биз болаларни, тадбирларни яхши кўрамиз. 

Ф.Н.: — Пандемиядан кейин ҳам буни бизнес деб айтиш мумкинми?

Р.О.: — Шу саволни ҳар куни ўзимга беряпман. Турмуш ўртоғим айтадилар: ҳаммаси яхши бўлади, биз ўзбекмиз орзу-ҳавас билан тўй қилишни яхши кўрамиз. Энди 300 та эмас, 150-200 тагача тўй ўтказилса керак.

Ушбу видеоинтервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки YouTube’даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин. 

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 601
Рейтинг: 3
Теглар
t
×