+14. Коронавирусдан соғайганлар сони ошди

Жамият 5946
image

Самарқанд вилоятида 10 нафар, Тошкент шаҳридаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 4 нафар, жами 14 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор бутунлай соғайиб, реабилитацияга кузатилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Самарқандда тузалганларнинг барчаси ушбу вилоятдан (8 нафари Тойлоқ туманидан, Самарқанд шаҳри ва Булунғур туманидан 1 нафардан) бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. Уларнинг энг ёши каттаси 48 ёшда, энг ёши кичиги эса 16 ёшда. Вилоятда шу пайтга қадар 24 нафар бемор тузалган бўлса, эндиликда улар 34 нафарни ташкил қилмоқда.

Шунингдек, пойтахтдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида соғайганларнинг 3 нафари Тошкентдан, 1 нафари эса Тошкент вилоятидан бўлиб, улар ҳам коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Уларнинг 2 нафари эркак, 2 нафари аёл бўлиб, энг ёши каттаси 50 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 6 ёшда. Айни пайтда Тошкент шаҳрида тузалганлар 459 нафарга етди.

Ҳозирда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар 1454 нафарни ташкил этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирус юқтирганлар 2189 нафарни ташкил қиляпти. Бугунгача беморларнинг 10 нафари вафот этган.

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 158
Рейтинг: 3.1
t
×