Блогерлар бир “взвод”дир, лекин журналистларнинг армияси бор – Қудратхўжаев
Жамият
−
19 Декабрь 2019
7317Жорий йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловини кузатиш учун Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 300 дан зиёд кузатувчиси Ўзбекистонга келди. Ташкилот сайловолди жараёнлар бўйича дастлабки хулосаларни эълон қилди.
ЕХҲТ ҳисоботида блогерларнинг сайлов жараёнларининг ёритишдаги фаоллигига алоҳида урғу берилган. Хўш, нега журналистлар эмас, айнан блогерлар. МСК аъзоси Шерзод Қудратхўжаев QALAMPIR.UZ билан суҳбатда ЕХҲТ ҳисоботидаги ана шу жиҳатга тўхталди.
Баҳодир Аҳмедов, журналист: – Ҳисоботда блогерларнинг фаол қатнашиши ҳам айтиб ўтилибди. Уларнинг фаоллиги қанчалик даражада муҳим?
Шерзод Қудратхўжаев, МСК аъзоси: – Буни айтмаганингизда ўзим айтардим. Журналистика университетининг вакили сифатида ҳисоботнинг шу қисми менга ҳам тегиб кетди. Журналистларнинг блогерларга нисбатан “рашқи” бор. Блогерлар бўшлиқ бўлган вакуумни тўлдиришмоқда. Лекин журналистлар хафа бўлишмасин, улардан сайлов ҳақида таҳлилий, мушоҳадали, танқидий мақолалар берилмади. Одам нимага сайловга бориши керак? Қандай номзодга овоз бериш керак? Партиянинг бир-биридан фарқи қандай? Электорал маданият қандай шаклланади? Блогерлар буни ҳар куни қилишди. Мисол учун, сайлов участкасига боради, бир номзодни сурати турибди. Суратни расмга олади ва “фалончи ёшда терговчи бўлибди, фалончи ёшда бунақа иш қилибди” деб ёзади. Бундай ишни журналистлар қилмади. Балки уларнинг бошқа ишлари бордир. Бугун Ўзбекистонда блогерларга нисбатан журналистларнинг “армияси” жуда катта. Блогерлар ҳарбий тилда айтганда бир “взвод”дир, лекин журналистларнинг армияси бор. Журналистларимиз хафа бўлиши керак эмас, мен ҳам ҳайратландимки, миссиянинг ҳисоботида блогерлар алоҳида эътироф этилган. Улар таҳлилий, танқидий, мушоҳадали материал бермагунча, блогерларнинг фаолияти биринчи қаторга чиқиб келаверади.
LiveБарчаси