Қудратхўжаев: партиялар “қовун тушириши” – соғлом жараён (видеоинтервью)
Интервью
−
17 Декабрь 2019
7818Марказий сайлов комиссияси аъзоси, сиёсий фанлар номзоди Шерзод Қудратхўжаев сиёсий партияларнинг “қовун тушириш”лари соғлом жараёнлиги, кўп йиллик ёпиқликдан сўнг бу ҳол табиий эканлигини айтмоқда.
Айни вақтда партияларнинг сайловолди ҳаракатлари жуда кўп муҳокамага сабаб бўлмоқда. Ошкоралик асосида партияларнинг салоҳияти ва камчиликлари кўзга ташланиб қолмоқда. Ушбу масала юзасидан Марказий сайлов комиссияси аъзоси Шерзод Қудратхўжаев билан суҳбатлашдик.
– Жорий йил 13 декабрь куни ЕҲХТ томонидан Ўзбекистондаги сайловолди ҳаракатлар бўйича 1999 йилдан бери биринчи марта ижобий фикр берилди. Бунга қандай омиллар сабаб бўлди?
– Келинг, сиз билан ҳуқуқшунос эмас, журналист сифатида гаплашайлик. Бизга 1999 йилдан бери биринчи марта чекланмаган миссия келди. ЕҲХТнинг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси бор. Илгари улар келганда нари борса 30 киши келарди. Бу сафарги сайловга улар 300дан ортиқ келди. Бу дегани Ўзбекистондаги сайловларга қизиқиш ва уларни тан олинишида механизмни кўриш ва кўрсатишдир. Ўзбекистондаги янги муҳитни, яъни эркинликни кўрсатади. Тўғри, бугун биз партияларни, уларнинг рахбарларини танқид қиляпмиз, хайплар қиляпмиз. Тасаввур қилинг, 3 йил илгари бу бўлармиди? 3 йил илгари маълум сценарийдек бўларди. Шу 5та партия бутафория вазифасини ўтарди. Керакми керак, қабилида бўларди. Бугун бундай талаб йўқ.
Бугунги номзодлар адашишяпти, таржимаи ҳолида хатолар қиляпти. Қўпол қилиб айтганда “қовун туширишмоқда”. Бу соғлом жараён. Биз 25 йил тухумда ўтирган ҳолатдан энди чиқдик. Бунча вақтдан кейин қандай тўғри нарса қилиш мумкин? Бу эркинлик. Бу хато қилишга ҳам имконият беришдир. Улар Британиядаги “тори” ва “виги”лар ёки АҚШдаги республикачилар ва демократлар эмас. Биттаси 7 асрга тенг, яна бири бир асрдан кўп тажрибага эга. Бизда битта коммунистик партия бўлган. 80 йилларда эслайман, бориб сайлаб эмас, тайинлаб келардик. Лекин бугун ҳақиқий рақобат пайдо бўлди. Ўзининг муаммолари ва ўзининг ютуқлари билан.
– Ҳисоботда блогерларнинг фаол қатнашиши ҳам айтиб ўтилибди. Уларнинг фаоллиги қанчалик даражада муҳим?
– Буни айтмаганингизда ўзим айтардим. Мен ўзим журналистика университетининг вакили сифатида менга ҳам тегиб кетди. Журналистларнинг блогерларга нисбатан “рашқи” бор. Блогерлар бўшлиқ бўлган вакуумни тўлдиришмоқда. Лекин журналистлар хафа бўлишмасин, улардан сайлов ҳақида таҳлилий, мушоҳадали, танқидий мақолалар берилмади. Одам нимага сайловга бориши керак? Қандай номзодга овоз бериш керак? Партиянинг бир-биридан фарқи қандай? Электорал маданият қандай шаклланади? Блогерлар буни ҳар куни қилишди. Мисол учун, сайлов участкасига боради, бир номзодни сурати турибди. Суратни расмга олади ва “фалончи ёшда терговчи бўлибди, фалончи ёшда бунақа иш қилибди” деб ёзади. Бундай ишни журналистлар қилмади. Балки уларда бошқа ишлари бордир. Блогерларга нисбатан журналистлар “армияси” катта. Блогерлар ҳарбий тилда айтганда бир “взвод”дир. Миссиянинг ҳисоботида блогерлар алоҳида таъкидланди. Улар таҳлилий, мушоҳадали материал бермагунча, блогерлар биринчи сафда бўлаверади.
– Ҳозир “бутафория” атамасини ишлатдингиз. Кўпчиликка бу қизиқ. Сиёсий партиялар бутафорияси нима ўзи?
– Бутафория деганда, бирор бинонинг олдидан ўтаётганингизда унинг фасади чиройли қилиб хўжакўрсинга қилиб қўйилганини айтиш мумкин. Ичкарига кирсангиз, бино жуда эски, охори тўкилган жойлари бор, таъмирталаб жойлари бор бўлади. Кўчадан қарасангиз бу чиройли. Бизда кўп йиллар партилар сунъий равишда тузилди. “Ўзбекистонни демократик дейиш учун 5та партия керакми, бўлсин 5та партия” деган маънода қилинди. Бугун масалан, ЎзЛиДеп ва Миллий тикланиш партиялари битта коалицияда бўлса ҳам, бунга қарашмаяпти. Барибир бир-бирини “чўқияпти”. Экологик партияга нисбатан кўп танқидлар бўлмоқда. Бу партия ёш партия. Лекин танқидлар тўғри бўлмоқда. Улар костюм кийиб юрадиган эмас, улар ўрмонда юрадиган ва табиат учун бир иш қиладиган одамлардир. Улар амалдорлар эмас, консерватив одамлар эмас. Худдики, “йил одами” бўлган Грета Тунберг сингари. Шу қиз 16 ёшда бўлса ҳам ҳаммани, БМТнинг эътиборини қарата олди. Ортда қанча президентлар, бой одамлар қолиб кетди. Бугунги партияларга креативлик, “теша тегмайдиган” услублар етишмаяпти. Бизда доим номзоднинг таржимаи ҳолида паспортга расмга тушгандек расм бўлади. Ёзуви ҳам 12 интервалда ёзилган бўлади. Мен бунга қаршиман. Галстукда бўлиши шарт эмас. Ганди ўзининг халқи билан гаплашганда галстуксиз гаплашган. Бизда кўпчилик халқ билан ўша даражага тушиб гаплашиши керак. Миллий кийимда, бошимизга дўппимизни кийиб гаплашиш керак. Одамлар шунда сизни тушунади ва уйига, қалбига киритади. Биз ҳозир кўп муаммоларни кўряпмиз. Аслида, биз бу йўлни босиб ўтишимиз керак эди. Битта сайлов билан ҳаммаси ҳал бўлиб қолса, нотўғри бўларди. Олдимизда ҳали сайловлар бор. Мукаммал ҳолга келиши учун яна 2-3 марта сайлов керак.
– Сиёсий фаолликни айтиб ўтдингиз. Биласиз, Британияда “тори” ва “виги”лар партиялари бор. Уларда парламентаризмда катта тажрибага эга. Бизнинг жамият уларнинг даражасига етиши учун нималар бўлиши лозим?
– Бугун жамият ҳам ўзгариши керак. Кўпчилик Ўзбекистонда нечта партия борлигини, уларнинг рахбарларини, пропорционал ва мажоритар сайлов тизими фарқларини билмайди. Бунга одамлар ҳам қизиқиши керак. Фақат қорин дардида, қора қозон дардида бўлса, биз ҳеч қачон Буюк Британия бўлолмаймиз. Уларнинг болалари қизиқади, ўқийди, бепарво эмас. Бугун одамларимиз хоҳ қоровул, хоҳ бозорда ишлайдиган одам, хоҳ ишбилармон бўлсин, партиялар ҳақида қизиқиши керак. У билимни нафақат ўзи, балки болаларига ҳам улашиши керак. Шунда ёшларимизда сиёсий партияларга қизиқиш бўлади.
– Сўнгги саволим шуки, партиялар томонидан дебатларда “қовун туширишлар” кўп бўлди. Нима деб ўйлаймиз, бу каби ҳолатлар ўтиб кетармикин?
– Албатта, ўтиб кетади (кулади). Биз ҳаммамиз ҳозир улғаяётган жисммиз. Албатта, ўтиб кетади. Комилликка эришиш шундай бўлади. Хато қилса, бир кўчадан бошқасига кирилади. Бу ҳаёт. Ким адашмайди?! Бизнинг ибтидоимиз қаерда эди? Бизнинг ибтидоимиз тоталитаризмда бўлган. Бугун буларни ўзгариши учун муҳит энди пайдо бўлди. Муҳит бўлмаса, дарахт ҳам, райҳон ҳам ўсмайди. Биз бу йўлни босиб ўтишимиз керак эди. Биз аввал касал бўлиб, кейин уни даволаб кучли бўладиган жараён. Бу ҳолат Қозоғистонда, Қирғизистонда бўлиб ўтди. Биз бунга ёпиқлигимиз туфайли кечроқ келдик. Бунинг жазоси шу. Бугун глобаллашув даври. Бугун сиз Трампни ҳам, Ангела Меркелни ҳам кўриб ўтирасиз. Бошқа давлатларнинг сиёсатчиларини кўрасиз ва бизники ҳам шундай бўлишини хоҳлайсиз. Лекин бу телевизорда кўрадиган жараён эмас. Бу пешонада шўрни чиқариб, шуни тузини еб бўладиган жараёндир. Бизда дебатлар тарихда тўғридан-тўғри эфир бўлмаган. Битта мухбир экологик партия вакилларига арқон бериб ўзини боғлашини айтди. Қачон шу нарса тасаввур қилинган?
Хулоса қилиб шуни айтаманки, ОАВ вакиллари сизлардан халқимиз, оддий одамлар сайловлар ҳақида қизиқарли, креатив, мушоҳадали материалларни кутади. Шунда блогерлар билан сал баланс тўғриланган бўлади. Бу соғлом рақобат деб биламан. Курашда энг ҳалоли ва кучлиси ютади. Шунинг учун бу борада кимгадур ортиқча имтиёз беришга ҳам қаршиман. Бугун бизнинг дипломимиз борми, йўқми деб ўтиришмайди. Интернетга киринг қанча таниқли одамлар бор. Уларнинг ёзганларини миллионлаб одамлар ўқияпти.
Барча сайловчиларимизга 22 декабрь куни фаол бўлишга чақириб қоламан. Шунингдек, хориждаги ватандошларга ҳам шуни айтиб қоламан.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь