Пахта даласида улғайган ўзбек ёхуд Рашидовни ўғрига чиқарган “пахта иши”

Таҳлил

−

visibility1845 timer7 дақиқа

Reklama
0:00

Бир даврлар пахта далаларига чиқиш ватанпарварлик, меҳнатсеварлик ва эл-юртга садоқат белгиси сифатида талқин қилинган. “Оқ олтин” учун жон куйдирганлар миллат фахри, фидойи инсонлар сифатида мадҳ этилган. Пахта терими тантаналар билан улуғланган, мажбурий меҳнат эса шараф ва бурч сифатида онгимизга сингдирилган.

Аммо бу тарғибот ортида аччиқ ҳақиқат яширинган эди. Аслида, бу йиллар давомида халқ онгига сингдирилган қарамлик ва қулликнинг бир кўриниши эди.

XIX аср. Россияда саноат ривожланмоқда, завод-фабрикалар тобора кўпаймоқда. Айниқса, тўқимачилик саноати катта суръатлар билан ўсиб, пахтага бўлган эҳтиёжни кескин оширади. Ўша пайтда Россия учун энг муҳим хомашё манбаларидан бири АҚШ эди.

Шу вақтда Россиянинг олдида бошқа пахта манбаларини топиш биринчи ўринга чиқди. Шунда Туркистоннинг иссиқ иқлими, суғориладиган ерлари Россиянинг эътиборини тортди. Россиянинг Туркистондаги дастлабки йирик пахта сиёсати генерал-губернатор Константин фон Кауфман даврида кучайди. Америкадан пахта навлари олиб келиниб, синовдан ўтказилди. Пахта етиштиришни аҳолига кенг татбиқ қилиш учун деҳқонларга уруғ ва пахта етиштириш бўйича маълумотлар бепул тарқатилди. Айниқса, Америка пахтасининг Upland нави яхши натижа берди. Айнан шу натижадан бошлаб Россия Туркистонни шунчаки пахта етиштирадиган ҳудуд эмас, балки ўз саноатини хомашё билан таъминлайдиган асосий манбага айлантирди.

1917 йилги инқилобдан кейин Россия империяси ўрнига Совет ҳокимияти шаклланди. Айнан Совет даврида Туркистоннинг пахтага ихтисослашуви тўхтамади, аксинча, бу сиёсат янада кучайди. Пахта майдонлари кенгайтирилди, янги суғориш иншоотлари қурилди ва давлат хўжаликлари, колхозлар пахта етиштиришга йўналтирилди.

Пахта ҳосилини машинада теришга тайёрлаш учун далаларга дефолиантлар сепилган. Бу кимёвий моддалар ғўза баргларини тўкишга хизмат қилган. Энг хатарли томони – кимёвий ишлов берилган далаларда одамлар, жумладан, болалар ҳам ишлашда давом этган. Айрим ҳолларда болалар кимёвий моддалар солинган пластик идишлардан фойдаланиб, ғўзаларни дорилашга мажбур бўлган.

Пахта сиёсати мамлакатга фақат сиёсий ва иқтисодий муаммоларни эмас, экологик оқибатларни ҳам олиб келди.

Совет Иттифоқи Марказий Осиёдаги чўл ва даштларни ҳам пахта майдонларига айлантиришга киришди. Пахта етиштиришни кўпайтириш мақсадида янги ерлар ўзлаштирилди, улкан суғориш каналлари қазилди. Бунинг учун эса Амударё ва Сирдарё сувларини далаларга буриш бошланди. Дастлаб чўллар пахта майдонларига айлантирилди, аммо бунинг бадали Орол денгизига тушди. Икки дарёдан келадиган сув камайгани сари Орол чекина бошлади. Энг ачинарлиси, бу сиёсатнинг экологик оқибатлари ҳақида огоҳлантиришлар бўлишига қарамай, пахта режасини бажариш устувор вазифа бўлиб қолди. Натижада, хавотир билдирилган фожиа ҳақиқатга айланди.

1918–1950 йилларда Ўзбекистон СССРнинг асосий пахта марказига айланиб бўлган эди. 

1950 йилларда тахминан 300 минг тонна бўлган пахта ҳосили 1980 йилларнинг ўрталарига келиб 3 миллион тоннага етди. Ҳаммаси пахта ҳосили бўйича рекордлар ортидан бошланди. Ҳар бир рекорддан кейин Москва Ўзбекистондан янада кўпроқ пахта талаб қила бошлади. Аммо бундай юқори кўрсаткичларни ҳар йили такрорлаш тобора қийинлашиб борарди. Шароф Рашидов ҳам Москвадан пахта режасини камайтиришни бир неча бор сўраган. Чунки у талаб қилинаётган ҳосилни ҳақиқий меҳнат билан йиғиб олиш деярли имконсиз бўлиб бораётганини тушунарди. Шундай шароитда айрим раҳбарлар бошқа йўлни танлади: далада етиштирилмаган пахтани қоғозда етиштирилган деб кўрсатиш бошланди. Ҳисоботлар сохталаштирилди, қўшиб ёзишлар авж олди, порахўрлик ва коррупция кучая бошлади.

1983 йилда бошланган “Пахта иши”нинг илдизлари 1970 йилларга бориб тақалади. Яъни СССР Давлат хавфсизлик қўмитаси – КГБ раиси Андропов Ўзбекистондан Серпуховга олиб борилаётган вагонларни шубҳа остига олади. Бироқ бу текширувлар Рашидов сабабли бости-бости қилинади.

1982 йилда Совет Иттифоқи раҳбари Леонид Брежнев вафотидан кейин унинг ўрнига Юрий Андропов келади.

Андропов ҳокимиятга келганидан кейин, 1983 йилда Совет Иттифоқи Ўзбекистонда “Пахта иши” номи билан тарихга кирган кенг кўламли тергов кампаниясини бошлайди. Андроповнинг Рашидовни ёқтирмаслиги, унинг Брежнев билан яқин муносабатда бўлгани ва лавозимидан четлатиш истаги ҳам тергов бошланишидаги омиллардан бири сифатида кўрсатилади.

Москва маҳаллий тергов органларига ишонмай, ишни марказдан юборилган гуруҳ қўлига топширади. Махсус тергов гуруҳининг раҳбари Тельман Гдлян ва унинг асосий ёрдамчиси, тергов гуруҳининг етакчи вакилларидан бири – Николай Иванов Ўзбекистонда беш йил давомида мислсиз қатағон уюштирди. Улар дастлабки ишни Бухородан бошлайди. Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи генерал Норов, унинг икки ўринбосари – полковник Раҳимов ва подполковник Мулинг, сўнгра генераллар, полковниклар ва Ички ишлар вазирлигининг бошқа раҳбар ходимлари сохта айбловлар билан қамоққа олинади. Шундан кейин бу жараён Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам давом этади.

Шароф Рашидов 1983 йилда тергов авж олган пайтда вафот этади. Иномжон Усмонхўжаев биринчи котиб бўлади. Шундан кейин Рашидов давридаги сиёсий тизим кескин танқид остига олинади. Унинг қариндошлари, яқинлари ва собиқ ҳамкорлари ҳам текширувлар марказига тушади. Рашидовнинг номи қўшиб ёзиш, порахўрлик ва маҳаллийчилик айбловлари билан боғланади. Айни дамда Ўзбекистонда марказнинг сиёсий назоратни қайтаришга уриниши, янги раҳбариятнинг ўз мавқеини мустаҳкамлаши ва ҳақиқий иқтисодий жиноятларни текшириш бир-бирига қўшилиб кетади.

1984 йил июнда Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг XVI пленуми бўлиб ўтади. Москвадан келган Егор Лигачёв бу йиғилишда Ўзбекистон раҳбариятини кескин танқид қилади. Йиғилиш сўнгида Усмонхўжаев ҳам Рашидовнинг шаънига оғир гаплар айтади, кейин эса Москвадан кадрлар кераклигини айтиб, ёрдам сўрайди. Айнан шу пленумдан кейин дастлабки тўнтаришлар Усмонхўжаевнинг Лигачёвдан сўраган илтимосидан бошланади. 1984–1985 йилларнинг ўзида республика партия аппаратида катта кадрлар алмашинуви юз беради. Ўринларга Москва томонидан юборилган шахслар раҳбарликка тайинланади.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, Олий суд раиси биринчи ўринбосари, “Пахта иши”ни қайта кўриб чиқиш бўйича ҳукумат комиссияси раиси ўринбосари Абдусамад Полвонзода “Водийнома” журналида шундай ёзади:

“Бу ўринда шуни айтиш керакки, қўшиб ёзиш фақат Ўзбекистонда эмас, барча совет республикаларида бўлган. Давлатнинг ўзи одамларни қўшиб ёзишга мажбурлаб, сўнг шу давлатнинг ўзи уларни қатағон қилди”.

40 мингга яқин одам тергов ва сўроққа тортилган. Улардан 4 500 нафардан ортиқ киши озодликдан маҳрум қилинган. Айбланувчилардан иқрорлик олиш учун уларни руҳий ва жисмоний босим остида ушлаш, қўрқитиш ва яқинларини ҳибсга олиш билан таҳдид қилиш ҳолатлари кузатилган.

Мирзамаҳмуд Мусахонов иши бўйича унинг фарзандлари ҳам ҳибсга олинган. Беруний тумани партия қўмитаси котиби О. Ражабов иши бўйича эса 54 нафар қариндоши, танишлари ва ҳатто қўшнилари терговга тортилган.

Терговчилар айрим маҳбусларнинг яқинларига пул эвазига уларни озод қилишни ваъда қилади. “Қанча кўп пул олиб келсангиз, қариндошингизни шунча тез қамоқдан чиқариб юборамиз”, дейди. Қариндошлар эса маҳалла-кўйдан қарз олади, ҳатто тўй учун берилган тилла тақинчоқларигача йиғиб, терговчиларга олиб боради. Аммо маҳбуслар озод қилинмайди. Аксинча, олиб келинган пул ва тиллалар уларга қарши далил сифатида ишлатилади. Йиғилган барча пуллар ва тиллаларнинг асосий қисмини Гдлян ва Иванов бўлишиб олади. Қолган қисми эса Москва телевидениеси орқали “ўзбеклар порага олган пуллар ва тиллалар” дея бутун СССРга кўрсатилади. Шу тариқа Ўзбекистон бутун дунёга порахўр ва ўғри сифатида таништирилади.

Судланганларнинг айримлари узоқ муддатли жазоларга ҳукм қилиниб, жазони Ўзбекистондан ташқарида, жумладан, Сибирь ҳудудларидаги жазони ижро этиш муассасаларида ўтаган.

Бу тарихнинг фақат суд ҳужжатларида кўринмайдиган, инсонлар ҳаётига таъсир қилган томони эди.

Гдлян ва Иванов “Пахта иши”, “Ўзбек иши” каби ишлар ортидан юртимизда қатағонни амалга оширишга муваффақ бўлади.

Камида икки нафар мансабдор – Ўзбекистон пахта тозалаш саноатининг собиқ вазири Ваҳобжон Усмонов ва Бухоро вилояти ОБХСС бошлиғи Аҳат Музаффаров ўлим жазосига ҳукм қилинган. Уч нафар амалдорга чиқарилган ўлим ҳукми 20 йиллик қамоқ жазосига алмаштирилган.

Ниҳоят, 1989 йилда Ўзбекистонда “Пахта иши” бўйича судланганларнинг ишларини қайта кўриб чиқиш жараёни бошланади. 1990 йил июнь ойида махсус комиссиянинг янги таркиби шакллантирилди. Унга ҳукумат раисининг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков раҳбарлик қилади. Ўзбекистон ССР Олий суди раиси вазифасини бажарувчи Абдусамад Полвонзода эса унинг ўринбосари бўлди. Комиссия 40 мингга яқин жиноий ишни саҳифама-саҳифа ўрганишга киришди.

Полвонзода ва комиссия аъзолари Гдлян ҳамда Иванов гуруҳининг фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш, ноҳақ судланганларни оқлаш талабини илгари сурди.

Комиссия фаолиятига қаршиликлар ҳам бўлди. Ҳатто уни тарқатиб юбориш масаласи кўтарилди. Лекин иш давом эттирилди. 1991 йилга келиб, комиссия фаолияти натижасида минглаб инсонларнинг ишлари қайта кўриб чиқилди. Полвонзода имзо чеккан протестлар асосида 3 500 га яқин киши ноҳақ судланганликдан озод қилинди ва оқланиш жараёни давом этди.

1991 йил 30 августда СССР Бош прокурори Николай Трубин Гдлян ва Ивановга қарши ишни уларнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқлиги важидан тўхтатди. Полвонзода ва бошқа депутатлар уларни жавобгарликка тортишни талаб қилган бўлса-да, бу талаб амалга ошмайди.


 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг