Шерали Жўраевнинг қабри очилиши мумкинми?
Интервью
−
27 Апрель
137082Бир неча кундан бери ижтимоий тармоқларда хонанда Ботир Қодиров марҳум, Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг ўғли эканини айтиб, оталикни белгилаш бўйича судга даъво аризаси киритгани кенг муҳокама қилинмоқда. Марҳум Шерали Жўраевнинг укаси Ҳалимжон Нурматов QALAMPIR.UZ билан суҳбатда бўлиб, "Ботир Қодиров бизнинг уруғдан эмас", деяётган бир вақтда хонанда унда барча далиллар борлиги ва уларни судга тақдим этишини айтмоқда. Суд мажлиси 2 май куни фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судида бўлиб ўтиши белгиланган. Унда даъвогар Ботир Қодиров ва жавобгар Шерали Жўраевнинг кенжа ўғли Зоҳиршоҳ Жўраевлар иштирок этади.
Хўш, оталикни белгилаш масаласидаги суд мажлиси қандай тартибда бўлиб ўтади? Унда кимлар иштирок этади ва қандай далиллар тақдим этилиши мумкин? Айни шу саволларга адвокат Мавлуда Тўраева жавоб беради.
Адвокатнинг айтишича, ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилишга ҳақли ва Ботир Қодиров ҳам оталикни белгилаш масаласида судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан фойдаланган. Унинг қўшимча қилишича, Шерали Жўраев вафот этгани сабабли оталикни тўғридан тўғри аниқлашнинг имкони йўқ. Демак, бу вазиятда иш суд орқали ҳал этилади. Шунингдек, суд мажлисида тақдим этилган барча далиллар инобатга олинади.
Мавлуда Тўраева, адвокат – Суд ишни кўриш жараёнида ҳолатга алоқадор барча далил ва фактларга таянади. Иш доирасида даъвогар ёки жавобгар томонидан тақдим этилган ҳар бир (қариндошлар билан тушилган фотосурат, ота-болалигини исботловчи маълумот, видео, аудио ёзувлар, ёзишмалар, қариндошларнинг кўрсатмалари) далил суд томонидан инобатга олинади.
Феруза Нажмиддинова, журналист.: – Хонанда Шерали Жўраевнинг укаси Ҳалимжон Нурматов билан бирга ДНК текширувидан ўтгани ва уларнинг амаки-жиян экани тасдиқлангани ҳақида ҳужжат борлигини айтмоқда. Суд бу текширув хулосасини инобатга оладими?
М.Т.: – Биринчи навбатда кўп ҳолларда тарафлар ўз ихтиёрлари билан оталик ва қариндошликни белгилаш (ДНК) тестига мурожаат қилади. Бу ҳолатда Ботир Қодиров судга ДНК натижасини тақдим этиши лозим. Томонларнинг илтимосномасига асосан мутахассис экспертнинг фикри ва хулосаси берилади. Томонлардан бирининг судга тақдим қилаётган ДНК хулосаси кўп ҳолларда етарли бўлади. Агар суд лозим топса, унинг амакисидан ҳам яқинроқ бўлган кишилар (Шерали Жўраевнинг икки ўғли Шоҳжаҳон ва Зоҳиршоҳ Жўраев, марҳумнинг ака-ука ёки опа-синглиси)дан қон-қариндошликни аниқлаш учун қайтадан ДНК текширувидан ўтишни сўрайди.
Ф.Н.: – Агар Шоҳжаҳон ва Зоҳиршоҳ Жўраевлар ДНК текширувидан ўтишдан бош тортса, марҳумнинг қабри очилиши мумкинми?
М.Т.: – Иккинчи томон текширувдан ўтишга рози бўлмаган тақдирда, суд марҳумнинг қабрини очишга рухсат бермайди, чунки айнан оталик фактини белгилаш учун қабрни очишга йўл қўйилмайди. Негаки бу мурдани таҳқирлаш ҳисобланади. Бу ҳолатда юқорида тақдим этилган далилларнинг ўзи етарли ҳисобланади.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, агар Ботир Қодиров ҳақиқатдан ҳам марҳум санъаткор Шерали Жўраевнинг ўғли экани тасдиқланса, бошқа фарзандлари каби меросга эга бўлиши ва марҳумнинг ҳам моддий, ҳам маънавий меросига эгалик қилиши мумкин.
Билишимча, Ботир Қодиров Шоҳжаҳон Жўраевнинг ижтимоий тармоқларда Қодировнинг онаси ҳақида пост қолдирганидан кейин онасининг шаъни, ор-номуси ва ўзининг қадр-қимматини ҳимоя қилиш мақсадида оталик фактини белгилаш учун даъво аризаси билан судга мурожаат қилган. Агар бу ҳолатда Қодиров ҳақиқатдан ҳам Жўраевнинг ўғли экани тасдиқланса, Ботир Қодиров Шоҳжаҳон Жўраевни унинг онасини ҳақорат қилгани учун судга бериши ва Жўраев маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Жўраевлар иши
Ботир Қодиров шу йилнинг февраль ойи бошларида онасининг шаъни, ор-номуси ва ўзининг қадр-қимматини ҳимоя қилиш мақсадида оталик фактини белгилаш учун даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.
Мазкур иш 15 апрель куни фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судида судья Ўтанбоева томонидан кўриб чиқилиши белгиланган. Бироқ жавобгар (Зоҳиршоҳ Жўраев) вакили иш билан танишиш учун судни бошқа кунга қолдиришни сўраган. Биринчи суд мажлиси 23 апрель куни бўлиб ўтди. Билдирилишича, суд мажлисида даъвогар вакилининг кўрсатмаси эшитилиб, гувоҳларни ишга жалб этиш ва қўшимча далилларни талаб қилиб олиш учун ишни кўриш яна 2 майга қолдирилган.
Даъво аризасига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза марказининг 2023 йил 29 сентябрдаги мутахассис фикри илова қилинган. Унда Ҳалимжон Нурматов билан Ботир Шералиевич Қодировнинг амаки-жиян эканлиги бўйича фикр берилган.
Ботир Қодировнинг ўзи Жўраевларни судга берганига Шерали Жўраевнинг тўнғич ўғли Шоҳжаҳон Жўраевнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига уни ҳақоратлаб қўйган пости сабаб бўлганини айтди.
Гап шундаки, хонанда Шоҳжаҳон Жўраев ўзининг Instagram саҳифасида Ботир Қодировга тегиштириб, ноўрин сўзларни ёзган. Қодировнинг продюсери Асрор Исохўжаевнинг сўзларига кўра, айнан шу пост сабабли қўшиқчи марҳум санъаткор Шерали Жўраев оиласини судга беришга мажбур бўлган.
QALAMPIR.UZ ушбу мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида Шерали Жўраевнинг укаси Ҳалимжон Нурматов билан боғланди. Буни қарангки, у Ботир Қодиров билан амаки-жиян эканини аниқлаш учун ДНК текшируви ўтказилганини рад этмоқда.
Хонанда Ботир Қодиров QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида барча саволларга жавоб бериб, Шерали Жўраев шубҳасиз унинг отаси экани, хонанда 20 ёшга тўлгунга қадар ота-бола жуда кўп борди-келди қилиб тургани, онасига бўлган тазйиқлар, унда оталик фактини исботловчи барча далиллар борлигини айтди.
Ботир Қодиров билан тўлиқ интервьюни QALAMPIR.UZ’нинг YouTube саҳифасида томоша қилинг.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь