Очиқчасига босим. Президент нимадан ташвишда?

Жамият

Ўзбекистонга босим ва таҳдидлар, “кўча” деб ном олган жиноий гуруҳлар, коррупцияга берилган мансабдор шахслар, ғоявий-мафкуравий соҳадаги рақобат, диний эътиқод ниқоби остидаги жаҳолат... Булар 22 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев кўтарган асосий масалалар. У Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида қатнашиб, бугун жамоатчилик орасида муҳокамаларга сабаб бўлаётган воқеалар бўйича коса тагида ним косали месежлар берди. 

Бугун одамлар орасида муҳокама қилинаётган мавзулар кечагидан фарқ қилмоқда. Одамлар Янги йил дастурхонига қандай таом тортиш эмас, қамалган “кўча болалари”нинг кейинги тақдирини, долларнинг кўтарилиб бораётганини эмас, Салимбойнинг мол-мулкига нима бўлишини, юлдузларнинг Янги йилни қаерда кутиб олишини эмас, Янги йилни ҳибсда нишонлаши кутилаётган амалдорларни, мамлакатдаги коррупцион ҳолатларни, одамларнинг оддий ва маиший ҳаётигача кириб бораётган порахўрликларни муҳокама қилмоқда. Давлат ҳам сукут қилди, жим турди ва тизгинни тортди, оғир тортди. Энди бу қанчалик адолатли ва охиригача бўлишини вақт кўрсатади. Аммо Президентнинг бу мавзуда сўз очгани, бошланган ишлар шунчаки “кўнгилхушлик” эмаслигини кўрсатаётгандек. 

Президент сўзи аввалида Ўзбекистонга босим ва таҳдидларга тўхталди. Албатта, бу биринчиси эмас, лекин Мирзиёевнинг галдаги чиқишида қўллаган сўзлари вазиятнинг жиддий ва қалтислигини ифода этаётгандек, назаримда. 

“Илгари ўз мақсад ва манфаатларини асосан дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтганига ҳаммамиз гувоҳмиз.

Афсуски, бундай кенг кўламли ва ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири Марказий Осиё минтақаси ва унинг таркибий қисми бўлган мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаяпти. 

"Ана шундай ғоят мураккаб ва таҳликали вазиятда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига жавоб берадиган тўғри йўлни топиш албатта осон бўлмаяпти”, дейди Президент сўзида давом этиб. 

Мирзиёев айнан қандай босимларни назарда тутаётганига аниқлик киритмаган. У Ўзбекистон дунёдаги узоқ-яқин барча давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қилаётганини алоҳида урғулаган.

Аммо фикримизча, Россия гвардияси полк командирининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Захар Прилепин кечагина Ўзбекистонни босиб олиш ҳақида айтган гаплари Президент Мирзиёевнинг ҳам қулоғига етиб борган. Ўзбекистон раҳбарининг Прилепиннинг чиқишидан кейин босимлар ҳақида гапириши тасодифми ёки айнан унинг чиқишига нисбатан муносабатми – бу бизга қоронғи.

Президент кўтарган кейинги масала ҳам ташвиш уйғотаётгани аниқ. Хабарингиз бор, Ўзбекистондаги криминоген вазиятни яхшилаш мақсадида 27 ноябрдан Республикада бошланган “Долзарб 40 кунлик” тадбири доирасида бир нечта жиноий гуруҳлар вакиллари қўлга олинди. 12 декабрь ҳолатига кўра, биргина Тошкент шаҳрининг ўзида 103 нафар шахс ушланган, 38 та жиноят иши қўзғатилган. Тезкор тадбир доирасида “Салимбойвачча” номи билан танилган Салим Абдувалиев, “Бахти Ташкенский” лақабли Бахтиёр Қудратуллаев, “Саидазиз медгородок” номи билан чақирилган Саидазиз Саидалиев ва бошқа бир нечта жиноий оламга алоқадор шахслар қўлга олингани айтилди.

“Ўзини “кўча” деб атайдиган жиноий гуруҳлар бўладими, коррупцияга берилган мансабдор шахслар бўладими, ким қонунга беписанд қараб, давлат ва жамиятга зарар етказадиган бўлса, биз бунга ҳеч қачон жим қараб туролмаймиз”, дейди давлат раҳбари. 

Президентнинг қайд этишича, кўчалар, маҳаллалар, ҳаёт том маънода тинч ва тоза, жиноятдан холи бўлиши керак. “Янги Ўзбекистонда қонун устувор, жиноятга жазо муқаррар бўлиши шарт. Ва албатта шундай бўлади”, дейди Мирзиёев.

Шунингдек, давлат раҳбари бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали асосан четдан, баъзан, ҳатто, мамлакатнинг ўзида ҳам Конституция ва қонунларга зид позициялар илгари сурилаётгани, жумладан, диний эътиқод ниқоби остида ёшларни маърифатга эмас, жаҳолатга ундаш ҳолатлари пайдо бўлаётганига ҳам эътибор қаратди.

“Бундай вазиятда жамиятимизда жаҳолатга қарши маърифат билан курашишни кучайтириш, эҳтиёткорлик ва огоҳликни ошириш лозим”, дейди Мирзиёев.

Президент зиёлиларни тинчлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳамлашда янада фаол бўлишга, ўзларининг маънавий фазилатлари билан бошқаларга ўрнак кўрсатишга чақирди.

Мирзиёевни ўйлантираётган яна бир масала рақобат. Айнан бугунги кескин шароитда ғоявий-мафкуравий соҳадаги рақобатга тайёрлик? Тайёрмизми? Президент айнан шу савол билан залдагиларга юзланди.   

“Булар оддий саволлар эмас. Одамни жиддий ўйлантирадиган, ташвишга соладиган саволлар. Агар биз бу ёруғ дунёда “ўзбек”, "ўзбекистонлик", “Ўзбекистон” деган номлар билан яшаб қолишни истайдиган бўлсак, бу саволларга бугун жавоб топишимиз ва уларни ҳал этиш бўйича амалий ҳаракатларни айнан бугун бошлашимиз шарт. Эртага кеч бўлади”, дейди Президент. 

Юқоридаги кўтарилган масалалар ҳақида сизнинг фикрингиз қандай? Замон қалтис, вазият кечагидек эмас, буни ҳаётнинг турли жабҳаларида кўриб турибмиз. Сиз фуқаро ўлароқ, бу саволларга қандай жавоб берасиз? Хўш, нима қилиш керак? Изоҳларда фаол бўлинг.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент Шавкат Мирзиёев кўча Салимбойвочча” Бахти Ташкенский

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг