Роддомдаги ишлар: “эгизакларимни ўлдириб беришди”
Интервью
−
05 Октябрь 2023
19778Ёши улуғларимиз “фарзанд доғини кўрсатмасин”, деб кўп айтишади. Бу гап замирида катта маъно бор. Узоқ йиллар бемор бўлиб ётган яқинимиз вафот этса ҳам юрагимиз бир силкинади. Ёшлар тўсатдан вафот этганини эшитган нуронийларимиз “орқамда қолинглар” деб фарзандларини дуо қилади.
Бекорга фарзанд доғи ҳақида гап бошламадик. Бугун 9 ой вужудида эгиз болаларини кўтариб, текширувлари яхши чиққан, уларни дунёга келтираман деб туғруқхонага борганда, етарли эътибор ололмай, икки фарзандини йўқотган она ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.
Етти, беш ва икки ёшли болаларнинг онаси Гулчирой Ҳайитова 2022 йилнинг сентябрь ойида ҳомиладорлигини билган. Шифокорлар унинг фарзанди эгиз эканини айтишган. Ҳомила 9 ой бўлгунига қадар у шифокор назоратида турган ва ҳар икки ҳомиланинг ривожланишида муаммо йўқлиги айтилган.
“10 май куни (2023 йил) соат 09:00 лар атрофида 8-туғуруқхона Бош шифокори Камолиддин Низомиддиновга қўнғироқ қилиб, оғриқлар ва сув кетиш бошланганини айтдим. “Келинг” деди. Соат 11:30 лар атрофида “роддом”га бордим. Шу куни 10 га яқин аёлни “кесарево” қилишган экан. Шифокор билан учрашиб, 8 май куни УЗИ текширувидан ўтганим, ҳомила 38 ҳафталик экани ва туғуруқ вақти келганини айтдим. Камолиддин Низомиддинов туғуруққа яна икки кун вақт борлиги, вақтидан олдин операция қилинса, “недоношенные” (ривожланмаган) болалар туғилишини айтди. Шифокор қўлимдаги УЗИ жавобларини кўрсатганимда, ҳатто, ўқиб ҳам кўрмасдан “аппарат гапираверади”, деб жавоб қилди.
Тўғриси ҳайрон қолдим. Мен ёки болаларнинг юрак уришини эшитмасдан, текширмасдан ҳам “кетаверинг”, дедилар. Шу вақтгача кўрикларига неча маротаба борган бўлсам бирор марта на қон босимим, на болаларнинг юрак уришини эшитган”, дейди Гулчирой Ҳайитова.
Аёлнинг айтишича, у оғриқ бошлангани ва сув кетаётганини айтганидан сўнг, туғуруқхонадаги Холида исмли шифокор уни текшириб, болаларнинг юрак уришини ҳам тинглаган. Шифокор эгизларнинг ҳолати яхши эканини айтиб, аёлга икки кунга “сохранение” бўлимига ётишни тавсия қилган. Бош шифокор Камолиддин Низомиддинов болаларнинг ўпкасини очиш мақсадида 2 кун 2 маҳалдан “дексаметазон” уколини ёзиб берган.
“Шифокорнинг гапи бўйича Дексаметазон болаларнинг ўпкасини очар экан. Болалар соғлом эди ва бу уколни нима учун ёзганини тушуна олмадим. Бир нарсани айтиш керак – УЗИ текшируви ўтказилмади, туғруқхонага қабул қилишдан олдинги бошқа анализлар олинмади. Лекин укол ёзилди.
Хуллас, шифохонада қолдим. Муолажа хонасига кирганимда ҳамшира менга 1 грамм Дексаметазон ёзилганини айтди ва укол қилди. Мен кўзим билан нима укол қилганини кўрмадим. Ҳамма ҳам шифокорларга ишонади. Соат 22:00 лар атрофида иккинчи уколни қилишди. Шу куни жуда ҳам тиниқиб ухладим. Лекин болалар [ҳомила]ни қимирлаши сезиларли даражада камайганди. Мен бу ҳақда шифокорга айтганимда у болаларни юрак уришини эшитди ва ҳаммаси жойида эканини айтди.
Эртаси куни соат 11:00 да УЗИ текширувидан ўтишимиз кераклигини айтишди. Бу орада 3-марта Дексаметазон уколини олдим. Тушликка яқин болалар [ҳомила] деярли қимирламай қўйди. Хуллас, УЗИга тушдим. Муҳайё деган шифокор текширди. Хонада биздан ташқари яна 2 нафар шифокор ҳам бор эди. Мени УЗИ қилиб “уние оба ребёнка остит” деди. Мен “нима у остит?” деб сўрасам ҳеч ким жавоб бермади. У шифокорларга қараб “мана иккала бола ҳам ичида сув йиғган” деб айтди. Яна шифокорларга қараб, “пусть это не у нас случится. Отправьте её в сампи или в гинекологию” дедилар. Мен эса “нега унақа деяпсиз?” деб сўрадим. “Раҳмат айт, сени Бектемирга юбормаяпмиз” деб айтишди”, дейди Гулчирой Ҳайитова.
Гулчирой Ҳайитованинг айтишича, уни туғуруқхонага қабул қилишда ҳеч қандай анализлар олинмаган. Бундан ташқари, туғуруқхона шифокорининг “ҳомилада остит касаллиги бор”, деган гапига бош шифокор Камолиддин Низомиддинов ишончсизлик билан қараган.
“Туғуруқхонада икки кун ётдим. Бирорта текширув бўлгани йўқ. “Давлениям” ошиб кетганда ўзим айтганим учун дори беришди. Бировни биров билан иши йўқ. Қилган ишлари эрталаб ва кечқурун кўр-кўрона ёзилган уколни қилиш. На мени ва на болани қон босими ёки юрак уришини эшитишди. Энг ҳайрон қоларлиси, аёллар керакли тўловларни тўлаб шу давлатни роддомида ётади. Афсуски, оддий операцияга ишлатиладиган перчатка, бинт, спирт, перикслар ҳам йўқ. Операция учун керакли ҳамма нарсани беморнинг ўзи олиб бориши керак. Чунки роддомда ҳеч нарса йўқ.
Хуллас, 12 май, соат 8:00 да тезлик билан мени операция қилишларини айтишди. Операция хонасига кирганимда шароитни кўриб, қўрқиб кетдим. Операция хонасига кирганимизда шифокорлар бир-бири билан гаплашмади. Ҳамма жим. Кўз орқали гапашаётганларини сездим ва бу жуда ғалати туюлди. Керакли уколлар қилинди ва операция бошланди. Биринчи болани олишди. Соғлом, ҳамма аъзолари ривожланган бола эди. Аммо йиғламади. Юрагини массаж қилишди, шифокорларнинг қўлида кислород берадиган аппарат ҳам бор эди. Орадан уч-тўрт дақиқа ўтиб бола йиғлади, унга ёрдам керак деб олиб чиқиб кетишди. Шу орада иккинчи болани олишди. Болани “лотокка” қўйишди. Ундан кейин мен “операциядан кейин чандиқларсиз тикади”, деб борган Камолиддин Низомиддинов хонадан чиқиб кетди.
Шу орада менда қон кетиш бошланди. “Лотокка” ётқизилган бола шу ҳолатда қолди ва мен билан овора бўлишди. Бу орада иккинчи боламга ҳеч ким қарамади ҳам. Қон кетганда тўхтатадиган ампуласи 150 минг турадиган дори бор экан. Анестезиолог ҳамширалардан шу дорини сўради. Ҳамшира эса муддати ўтган дори борлигини айтди”, дейди Гулчирой.
Аёлнинг айтишича, шифокорлар қон тўхтатадиган дорининг муддати ўтмаганини қаердандир топиб келишган. Қон тўхтатиш, онани операция хонасидан алоҳида хонага олиб ўтиш давомида туғилган иккинчи чақалоққа ҳеч ким эътибор ҳам бермаган.
“Энг ачинарлиси, шифокорлар мен ёки турмуш ўртоғимдан рухсат сўрамасдан, ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар бермасдан болаларимни “морг”га олиб кетмоқчи бўлишди. Онам уларни тўхтатиб қолдилар. Энг даҳшати туғуруқхонадагиларнинг ўзлари болаларга исм қўйиб, ФҲДЁдан туғилганлик гувоҳномасини ҳам олишган. Гувоҳномада болаларнинг исми Ҳасан ва Ҳусан деб ёзилган ва бу исмларни биз қўймаганмиз. Ҳамма ҳужжатларни ўзлари тайёрлаб, турмуш ўртоғимни қўлларига беришган”, дейди аёл.
Ҳолат содир бўлганига бир неча ой бўлди. Гулчирой Хайитованинг айтишича, шу вақтгача болалар ўлими билан боғлиқ ҳеч қандай суриштирув бўлмаган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмаган. Икки гўдакнинг ўлимига шунчаки кўз юмилган. Шу ўринда савол пайдо бўлади: туғуруқхонада вафот этган болани оиласи ва ҳуқуқ тартибот органлари ходимларининг рухсатисиз, жиноят иши қўзғатилмай туриб экспертизага олиб бориш мумкинми? Агар боланинг ота-онаси тегишли органларга мурожаат қилмаса туғуруқхона катталари бу ишни қилиши керакми?
“Биринчи навбатда, бола вафот этгани ҳақида унинг ота-онасига айтилади. Бу ҳолатни ҳамма ҳар хил қабул қилгани боис, ётиғи билан тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Ўлим содир бўлганидан икки соат ўтиб, бола “морг”га ўтказилади. Потолога анатомик текширувлардан кейин болани олиб кетиш мумкин. Буларни барчаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғи асосида қилинади. Шифохона ўз-ўзидан болани текширувга бериб юбора олмайди. Бундан ташқари, юқоридаги барча жараёнларда ҳолат содир бўлган туманга бириктирилган нозир ҳам қатнашади. Биринчи навбатда, бола вафот этгани ҳақида маҳалла нозирига хабар берилади. Нима учун вафот этгани ҳақида биз шифокорлар тушунтириш хати ёзамиз. Ҳамма ҳужжатлар расмийлаштирилади. Вафот этган болага исм қўйиш ва бошқа ҳужжатлаштириш ишлари ота-она ва инспектор иштирокисиз ўтмайди”, дейди Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази 2-чақалоқлар бўлими мудири Феруза Назарова.
Бир аёл фарзанд дунёга келтирса унинг соғлиги ҳақидаги барча маълумотлар у яшайдиган тумандаги оилавий поликлиникага тақдим этилади. Гулчирой Ҳайитованинг айтишича, Бектемир туманидаги 69-оилавий поликлиника ходимлари ундан хабар олиш учун аёлнинг уйига борган. Ажабланарлиси, туғуруқхона томонидан поликлиникага берилган маълумотларда Гулчирой Ҳайитова туғуруқхонага кучли анемия билан боргани, туғуруқдан кейинги 40 кунлик чилла вақти ҳам асоратсиз ўтгани ёзилган. Ҳайитованинг айтишича, чилланинг дастлабки 15 кунида унинг ҳарорати тушмаган. Қолаверса, қон кетгани сабаб яна 8-туғуруқхонага борган ва шифокорлар 5 соат деганда қонни тўхтатишга муваффақ бўлган. Афсуски, бу ҳолатлар туғуруқхона томонидан берилган “выписка”да кўрсатилмаган.
“Туғуруқонадан чиққанимдан кейин туманимизга қарашли оилавий поликлиникадан келишди. Уларга тақдим этилган ҳужжатларга кўра, мен туғуруқхонага кучли анемия билан борганман. Бундан ташқари, “чилла вақти асоратсиз ўтган” деб ҳам ёзилган. Бу ёлғон. Мен 40 кунда бир неча маротаба “роддом”га бордим. Қон кетиб, 5 соат қийналган вақтимда ҳам 8-туғуруқхона Бош шифокори Камолиддин ака хабар олгани йўқ”, дейди Ҳайитова.
Аёлга ушбу воқеа содир бўлганига бир неча ой бўлгани, нима учун бу ҳақда энди гапираётгани, нима учун ҳуқуқ-тартибот органларига шу вақтга қадар мурожаат қилмагани ҳақида сўраганимизда, у шундай жавоб берди:
“Фарзанд кутаётган аёллар, бўлажак оналарга бир нарсани айтмоқчиман: ўзингиз ва фарзандингизга эътиборли бўлинг. Туғуруқхонада сизга қилинадиган ҳар қандай муолажага аҳамият беринг. Роддомда муддати ўтган дорилар борлиги ёлғон эмас экан.
Тўғри, ҳозир гапирганим билан болаларим қайтмайди. Лекин соғлом болалар ўлишини хоҳламайман. Агар фарзандларим тирик бўлганида, бошқача бўлар эди. Ҳар бир ота-она фарзандини ватани корига ярайдиган қилиб тарбия қилишни истайди. Болаларим ўлмаганида балки катта одам бўлиб етишарди. Менинг истагим болалар ўлмасин, оналар йиғламасин...
Ҳеч кимни боласи ўлмасин. Болалар соғлом туғилсин. Шифокорлар ҳам инсонийликни йўқотмасин. Ҳамманинг уйида фарзанди, набираси бор. Каттароқ одамни келини, қизи бўлиш ёки тепадан қўнғироқ қилиб туғуруқхонага бориш шартми? Оддий аёлларнинг болалари ўлиб кетаверадими?...”, дейди икки боласини йўқотган она.
Гулчирой Ҳайитова фарзандларининг ўлими юзасидан 2023 йилнинг 18 июнь куни Ички ишлар органларига мурожаат қилган. Тошкент шаҳар прокуратураси матбуот котиби Хуршида Раҳмонованинг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, иш ҳужжатлари 4 июль куни Яккасарой туман прокуратурасига чақиртирилган.
Ҳолатни ўрганиш, иккинчи томонни тинглаш мақсадида 8-туғуруқхонага борганимизда туғуруқхона Бош шифокори Камолиддин Низомиддинов барча ҳужжатлар тергов органи томонидан олиб кетилгани ва ҳеч қандай маълумот бера олмаслигини маълум қилди.
Ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва тегишли ташкилотлардан муносабат кутиб қоламиз.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь